12 йиллик Исроил ва Фаластин тўқнашувларида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони

Мана бир неча ҳафтадирки Қудус шаҳри Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувлар марказига айланиб қолди. Исроил ноқонуний эгаллаб олган Қудуснинг шарқий қисмига ва Ғаъзо секторига ҳаво ҳужумларини уюштириб, зарбалар бермоқда. Ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлди, юзлаб инсонлар яраланди. Ўз ўрнида Хамас гуруҳи ҳам Исроилнинг бир нечта марказий шаҳарлари бўлган Ашкелон, Тел Авив каби марказларга ракета зарбалари берди. Уруш қурбонларсиз бўлмайди деганларидек, қуйидаги манбадан сиз икки томон ўртасидаги тўқнашувлар натижасида қурбон бўлганлар ҳамда жароҳат олганлар тўғрисидаги статистик маълумотларни олишингиз мумкин. Манба БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан юритиб борилади.

Рақамлар ишғол қилиниш ва можаролар шароитида 2008 йилдан буён босиб олинган Фаластин ҳудудида ва Исроилда ўлдирилган ёки жароҳат олган фаластинликлар ва исроилликлар сонини акс эттиради.

Манба тақдим қилган маълумотларга кўра 2008 йилдан 2020 йилгача 5600 нафар фаластинлик вафот этган, фаластинликларнинг 115000 нафари эса турли даражада яраланган. Шу 12 йил ичида эса исроилликларнинг 250 нафари ҳалок бўлган бўлса, 5600 нафари жароҳат олган.

Дунё аҳолисининг катта қисми можароларга гуманитар субъектларнинг турли хил даражадаги аралашувларни талаб қилмоқда. Исроил томонидан халқаро қонунларнинг бузилиши ва жавобгарликнинг йўқлиги янада кўпларда ташвиш уйғотмоқда.