Афғонистондаги туркийлар-ўзбеклар ва туркманлар

    Афғонистондаги ўзбеклар ва туркманлар мамлакатнинг расмий статистик маълумотларига қараганда 32 миллион 226 минглик аҳолининг бор-йўғи 12% ташкил қиладилар. Ҳар икки миллат вакиллари ҳам мамалакатнинг асосан шимолида истиқомат қилишади ва исломнинг ҳанафий мазҳабига мансуб ҳисобланишади. Ўзбеклар ва туркманлар Афғонистоннинг иқтисодий ва сиёсий-маданий ҳаётида катта роль ўйнашади.

    Чорвачилик ва деҳқончилик кўпроқ туркманлар орасида кенг тарқалгандир. Мамлакат пахтасини ҳам асосан туркийлар етиштиради десак, асло муболаға бўлмайди. Дунёга машҳур туркман ва ўзбек гиламларини ҳам уларнинг аёллари тўқишади. Фақат бу омилларга қарамай, бу икки халқ мамлакат сиёсий ҳаётида етарли фаол бўлиш имкониятига эга эмаслар. Устига-устак шимолий Афғонистоннинг иқтисоди 1998 йилги Толибон жангариларининг ҳужуми оқибатида катта зиён кўради.

    Афғонистонда азалдан яшаб келган туркий халқларга 1920-1930-чи йилларда шўро тузумидан қочиб келган кўп сонли ўзбек ва туркманлар, тожиклар ва қисман балужлар ҳам қўшилади. Кейинчалик совет ҳукумати мактаб дарсликларида ва адабий асарларда уларнинг ҳаммасини босмачилар дея қоралайди.

    1978 йили Афғонистонга совет қўшинларининг киритилиши Москванинг минтақани ўзига тобеъ қилиш бўйича ишлаб чиққан сиёсий-ҳарбий планининг бошланғичи эди. Паштун қабилаларига қарши қайраш ва мужоҳидларга қарши кураш мақсадида  ўзбекларга яшаб турган ҳудудларида мухторият эълон қилишга рухсат берилади. Кейинчалик сиёсий майдонга келган ўзбек генерал Абдул Рашид Дўстум эса халқнинг Афғонистондаги сиёсий-ҳарбий ролини янада оширишга ҳаракат қилади.

    Ўзбеклардан фарқли ўлароқ, туркманлар мамлакатдаги сиёсий низолардан узоқ  ва тарафсиз бўлишни афзал кўришган. Бунинг натижасида эса уларнинг ҳақларини ҳимоя қиладиган ва парламентда намоёндалик қиладиган лидерлари йўқдир. Тарихда ҳам туркманлар қўшни миллатларга аралашмасдан, ўз анъанавий ҳаёт тарзларини сақлаб қолишга ҳаракат қилганлар.

    Фақат уруғ-аймоқ сардорлари ва оқсоқоллардан бошқа лидерлари бўлмаган туркманларнинг Афғонистон сиёсий аренасида муҳим роль ўйнашлари ёки келажакда сиёсий жиҳатадан кучли партия тузиб, мамлакат бошқарувини қўлга олишлари ҳақида гапириш эрта. Маршал унвонини олган Абдул Рашид Дўстумнинг онаси туркман бўлганлиги учун улар яна бир муддат ўзбекларнинг раҳнамолигида яшашлари мантиқлироқ туюлмоқда. Фақат маршалдан сўнг унинг вориси ким бўлиши аниқ эмас. Унинг ОАВ намоён бўладиган ўғли, Туркияда таҳсил олган Батур эса отаси каби кучли лидерлик сифатларига эга эмасдир.

    Манба: minorityrights.org