Америкалик миллиардер Эли Броад 87 ёшида вафот этди

Америкалик тадбиркор ва миллиардер Эли Броад жума куни 87 ёшида, касаллик билан узоқ давом этган курашдан сўнг вафот этди.

“Эли ва Эдит Броад” Фонди вакилининг айтишича, миллиардер Лос-Анжелесдаги Сидарс-Синай тиббиёт марказида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этган.

Эли Броад 1933 йилда Ню-Йоркнинг Бронкс шаҳрида туғилган ва у ҳали ёшлигида оиласи билан Детройтга кўчиб ўтган.

Эли Броад ўз бойлигини кўчмас мулк ва суғурта соҳасида яратган, шунингдек, ашаддий санъат коллекционери бўлган ва 1999 йилдан доимий равишда хайрия ишлари билан шуғулланган.

У Лос-Анжелесдаги бадиий ва маданий саҳнани шакллантиришда муҳим рол ўйнади, чунки у “Broad Museum” замонавий санъат музейига маблағ ажратди, “Уолт Дисней концерт зали”ни қуришда катта ҳисса қўшди, шунингдек, Калифорния университетидаги санъат марказини ташкил этишга ёрдам берди.