Американи жар ёқасига олиб келган қотиллик

Одамлар ҳафталар ва ойлар давомида ҳаяжон билан судни кутдилар. Суднинг натижаси ўта муҳим эди.

Судда кўрилган иш қора танлиларга нисбатан полиция зўравонлиги бўйича оламшумул воқеа ҳисобланади ва ҳукм эса полиция ислоҳ этилиши кераклигини илгари суриб келаётган фаоллар учун муҳим ғалаба бўлди: Дерек Чаувин иккинчи ва учинчи даражали қотиллик, Жорж Флойд ўлимида айбдор деб топилди.

“Бу полиция ходимлари қонундан устун эмаслигини кўрсатди”, – дейди Миннеаполис ва Сейнт Пол шаҳарчаларидаги ҳуқуқшунос Жек Райс.

Оламшумул янгилик жуда тез тарқалди. Янгилик эълон қилинганда 19 ёшли ҳуқуқ фаоли Роса Гомез ўз коллежи ётоқхонасида, шунингдек, яна бир фаол 20 ёшли Эрика Атсон ўз уйида эди. “Мен бахтлиман. Жуда бахтиёрман”, дейди Атсон. Гомезнинг айтишича бу “катта енгиллик” бўлди.

Кап Фудз дўкони ташқарисида юз берган Флойднинг ўлими 2020 йилнинг май ойида катта норозиликка олиб келганди.

Миннеаполис полиция бошлиғи ва бошқа ходимлар Дерекка қарши гувоҳлик бердилар. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган кўплаб ходимлар унга ҳайрихоҳлик билдиришди.

Флойднинг ўлими ортидан юз берган норозиликлардан сўнг шаҳар атрофидаги юзлаб бинолар вайрон қилинди ҳукумат манбаларига кўра зарар миқдори 350 миллион долларни ташкил қилган.

“Вайрон қилишимиз керак”

Суд Мажлиси чақирилган бино қаттиқ қўриқланди. Ҳакамлар ҳайъати ўз ишларини бошлаган куни 3000 нафар миллий гвардия аскарлари бино атрофида навбатчилик қилишди. “Бу хориждаги операцион базага ўхшарди”, – дейди собиқ шериф Рич Станек.

Суд жараёнида Эрика Атсон кафеда эди. Флойднинг дўкон ташқарисидаги ўлимидан сўнг у норозилик намойишларига қўшилди.

“Мен ҳар доим зўравонлик ечим эмас деб айтардим, лекин, айтингчи, биз яна қанча вақт унсиз яшашимиз керак?”, – дейди.

“Мана, ҳозир зўрлик ишлатишимиз керак деб ўйлайман. Ҳукумат биноларини вайрон қилишимиз керак. Норозилик пайти ўзимни ёмон ҳис қилдим, лекин шу иш амалга оширилиши кераклиги қалбан ҳис қилардим.”

У ва бошқа кўплаб намойишчилар учун сешанба кунги ҳукм шу зўравонликларни камайтириш йўналишидаги муҳим қадам бўлди.