Амерсфоортдаги 101 ўзбек ким эди?

    101 ўзбек ўғлони немис фашистларига қарши курашиш учун биринчилардан бўлиб урушга чақирилади.

    Аммо Смоленск яқинида урушнинг илк ойларида уларни асир олишади.Фашистлар уларни жанда-жундага ўраб, Голландиядаги концлагерга олиб кетишади.

    Би-би-си бир неча йиллардан бери ўрганиб келган 101 ўзбек аскари хотирасига бефарқ бўлган Ўзбекистон, ниҳоят, улар ҳақида фильм олди.

    Бироқ бу ўзбеклар кимлиги аниқландими, қариндошлари топилдими?

    1942 йили Амерсфоорт яқинида ўлдирилган 101 ўзбекни кўрган одамлар бугун бармоқ билан санарли.Агар бир қизиқувчан голланд бўлмаганида, бу ўзбекларни дунё буткул унутиб юборарди.

    Марказий Нидерландиянинг Амерсфоорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади.Улар тонг саҳар ўрмонда 101та шам ёқишади. Бу шамлар нацистлар қўлида ўлим топган ва кейин ярим аср унутилган 101 ўзбек аскарининг рамзидир.

    Улар ҳақида бундан 18 йил бурун маҳаллий журналист Ремко Рейдинг қизиқиб қолган.Рейдинг бир неча йил Россияда ишлаб, она шаҳри Амерсфоортга қайтгач, бир ўртоғи унга шаҳар яқинида Совет қабристони борлигини айтади.

    “Жуда ҳайратланганман, чунки бу ҳақида олдин ҳеч эшитмаган эдим” – дейди Ремко Рейдинг – “Кейин қабристонга бордим ва у ерда кўмилган аскарлар ҳақида архивларни ўргана бошладим, гувоҳларни излашга тушдим”.

    Рейдинг айни қабристонда жами 865 нафар Совет аскари кўмилганини, аммо уларнинг аксарияти Голландиянинг бошқа жойларида ёки Германияда ҳалок бўлиб, жасадлари кейинчалик келтирилганини аниқлайди.

    Таҳқирланган ўзбекона қиёфа

    Маълум бўлишича, улар орасида фақат 101 аскарнинг тақдири бошқачароқ хотима топган.

    Қабр тошларига “номаълум совет жангчиси” деб битилган бу 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари аниқланмаган, аммо барчаси худди шу ерда, Амерсфоортда ўлдирилган.

    Бу аскарлар Германия Совет Иттифоқига бостириб кирган илк ойларда асир олинган ва кейин фашистлар назоратидаги Нидерландияга ташвиқот учун юборилган.

    “Улар юз ва кўз тузилиши осиёлик аскарларни териб олиб, нацистларга қарши чиққан голландларга кўрсатмоқчи бўлишган” – дейди Ремко Рейдинг.

    “Аскарларни untermenschen, яъни чала одамлар, деб аташган ва агар голландлар Совет фуқароларини кўришса, бирданига Германия тарафига ўтишади, дея умид қилганлар”.


    Концлагерь раҳбари Карл Петер Берг 1949 йили маҳкама ҳукми билан отилган.

    Амерсфоорт концлагери иш бошлаган 1941 йил августидан эътиборан бу ерга кўплаб коммунистлар ва маҳаллий яҳудийлар келтирилган бўлган.Бироқ бу ерда асосан голланд коммунистлари сақланган ва немислар 101 осиёлик аскарни айнан уларга кўрсатиб, ирқчилик кайфиятларини уйғотмоқчи бўлишган.

    Бироқ нацистларнинг  режаси ишламаган.

    101 ўзбекни кўрган гувоҳ

    91 яшар Ҳенк Брукҳаузен ўта кам сонли гувоҳлардан бири. Совет аскарлари келтирилганида у ўспирин эди.

    “Кўзимни юмсам, хотирамда уларнинг чеҳралари гавдаланади” – дейди Ҳенк Брукҳаузен.”Жанда-жундага ўралган, аскарларга ҳам ўхшашмасди. Фақат юзлари кўринарди”.


    Ҳенк Брукҳаузен баъзан Ўзбек аскарлари қабрини зиёрат қилиб туришини айтади.

    “Нацистлар асирларни темир йўл вокзалида поезддан тушириб, марказий кўча бўйлаб, концлагерга пиёда олиб ўтишганди. Улар жуссаси кичик ва озғин эди, оёқларида пойабзал ҳам йўқ, фақат эски пайтава ўралганди. Баъзилари ўта ҳолдан тойган, юра олмас, дўстлари суяб кетишарди”.

    Айрим асирлар кўчага чиққан голландларга қўллари билан “овқат беринг” дегандек ишора қилишган.

    “Биз сув ва нон келтирдик” – эслайди Брукҳаузен – “Аммо нацистлар ҳаммасини қўлимиздан юлқиб олиб, отиб юборишди. Ёрдам бергани қўйишмади”.

    “Уларга кўмак кўрсатманг, улар душманларимиз!” – деб бақиришди.

    Суҳбатдошим бу асирларни ҳеч қачон қайтиб кўрмаган ва уларга нима бўлганини ҳам узоқ вақт билмаган.

    Самарқандликларми?

    Орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб, маҳаллий журналист Ремко Рейдинг айни асирлар ҳақида Голландия архивларидан ўргана бошлайди.

    Айни жараёнда у бир нарсани аниқлаган: Совет асирлари асосан ўзбеклар бўлган. Концлагерь раҳбарияти ҳам бу борада деярли билмаган.

    Фақат кейинроқ русча биладиган Эс-Эсчи зобит Эрнст Алшер келиб, уларни сўроқ қилгач, аскарларнинг кимлиги ва асли қаерлик экани аён бўлган.


    СУРАТ МАНБАСИ,NATIONAL ARCHIVES OF THE NETHERLANDS

     Эрнст Алшер рус тилини Польшада ўрганган.

    Аскарларнинг кўпчилиги Самарқанддан экан.

    “Ораларида балки қозоқ, қирғиз ё бошқирд ҳам бўлгандир, бироқ аксарияти ўзбеклар эканлиги таъкидланади” – дейди архив ҳужжатларига таянган ҳолда Ремко Рейдинг.

    Очликда ҳам йўқолмаган одамийлик

    Ремко Рейдинг концлагерда айнан ушбу 101 асрга нисбатан жуда шафқатсиз муносабат қилинганини ҳам аниқлайди.

    “Илк уч кун уларни атайдан ташқарида, симтўр билан ўралган жойда оч-наҳор сақлашади” – дейди Рейдинг.”Негаки немис тасвирчилари келиб, ташвиқот фильми олишни режалаштирган эди”.

    “Нацистлар “ёввойи чалаодамлар” қандай қилиб нон устида талашиб, уришишини тасвирга туширмоқчи бўлишади”.

    “Камераларни тўғрилаб, оч асирларга қарата нон улоқтиришади” – давом этади Рейдинг – “Бироқ шу ерда уларни ҳайратга солган воқеа рўй беради”.”Ўзбеклардан биттаси секин туради-да, нонни ердан олади. Кейин шошмасдан, қўлидаги қошиқ дастаси билан нонни тенг бўлакларга бўлади”.”Бу орада бошқа ўзбеклар ўринларидан қўзғалмай, сабр билан кутишади. Ҳеч ким на уришади, на талашади” – давом этади суҳбатдошим.

    “Кейин ўзбеклар нон бўлакларини теппа-тенг баҳам кўрадилар. Хуллас, нацистларнинг режаси иш бермай, ҳафсаласи пир бўлади”.

    Столдаги ўзбеклар бош чаноғи

    Ремко Рейдинг Амерсфоорт қабристонида дафн этилган 865 аскардан 200 нафарининг қариндошларини топган. Аммо 101 ўзбек аскари ҳамон номаълум.

    Аммо ўзбек асирлари учун энг даҳшатли кунлар ҳали олдинда эди.

    “Ўзбекларга бошқа асирларга нисбатан икки баравар кам овқат берилган. Мабодо бирон бошқа маҳбус уларга ёрдам қилса, жазо тариқасида бутун концлагерь оч қолдирилган” – дейди яқиндаги Гауда шаҳрида яшовчи тарихчи Баҳодир Узоқов.

    У ҳам ҳозир Амерсфоорт концлагерида сақланган ўзбекистонликлар борасида изланишлар олиб бормоқда.

    “Ўзбек асирлари қолдиқлар ё пўчоқларни ейишса, уларни чўчқаларнинг овқатини еб қўйибсизлар, деб калтаклашган” – тасвирлайди суҳбатдошим.Концлагерь қўриқчиларининг урушдан кейинги терговда берган кўрсатмалари ва бошқа асирларнинг хотиралари ҳозир Нидерландия архивида сақланади.

    Бу ҳужжатлар асосида Ремко Рейдинг 2015 йили “Шон-шуҳрат майдони фарзанди” номли китоб чоп этган.

    Айни китобда ҳам ўзбеклар мунтазам калтаклангани, совуқ ҳавода, оч ҳолатда тош, қум ва ғўла ташиш каби энг оғир ишларга маҳкум этилгани ёзилган. У ўз тадқиқоти давомида ақл бовар қилмас воқеалар тасвирланган ҳужжатлар устидан чиқади.

    Масалан, концлагернинг маҳаллий нацист шифокори Николас ван Ньювенҳаузен ўзбекларни даволаш ўрнига, доимо қийнайди.

    Икки нафар ўзбек асири очлик ва қийноқдан нобуд бўлгач, бошқа асирларни уларнинг бошларини кесиб олишга мажбурлайди.

    “Кейин ўзбекларнинг бошларини мия чаноғи суяги чиққунича қайнаттиради” – дейди Рейдинг.


    Николас ван Ньювенҳаузен 20 йилга ҳукм этилган, аммо 10 йилда озодликка чиқиб, умрининг қолганини Жанубий Африкада осуда ўтказган.

    Фашист шифокор

    “Шифокор икки ўзбекнинг бош чаноғини илмий тажриба ниятида ўз иш столи устида сақлаган. Шу қадар ваҳшийлик!”- ғазабини яширолмайди Рейдинг.

    Оч-наҳор ва ҳолдан тойган ўзбек асирлари концлагерда сичқонлар ва ўт-ўланларнинг илдизларини юлиб ейишга мажбур бўладилар.

    Ўзбеклардан 24 киши 1941 йилнинг қаҳратон қишидан омон чиқмайди. Қолган 77 нафар нимжон ўзбек асири ишга ярамай қолади.Хуллас, 1942 йилнинг 9 апрель тонггида нацистлар уларни уйғотиб, сизларни иқлими иссиқ Францияга жўнатамиз, дейишади.

    Аслида эса концлагерь машинасида уларни яқиндаги ўрмонга олиб боришади.

    Бу ерда ўзбекларни тўртта-тўрттадан отишади.

    Кейин жасадларини бир кун олдин концлагерь қўриқчилари қазиб қўйган ўрада кўмишади. Устидан сўндирилмаган оҳак қуядилар.

    Ремко Рейдинг қатл пайти машинада тутиб турилган ўзбекларни назорат қилган ҳайдовчи ва қўриқчилар – Кнабе, Тито ҳамда Янсзеннинг терговда берган кўрсатмаларини ҳам ўз китобига киритган.

    “Илк ўқ овозлари янгради. Машинадаги ўзбеклар гап нимадалигини англашди. Айримлари пиқ-пиқ йиғлай бошлашди. Баъзи дўстлар эса қўл ушлашиб, мағрур ҳолда ўлимга юзланишди.

    Иккитаси қочишга интилди. Аммо орқаларидан қувлаб, отиб ташлашди”.


    Мана шу икки қаторда 101 нафар ўзбек ётибди. Уларнинг қабр тошларида рус тилида “номаълум совет аскари” деб битилган.

    Рейдинг она юртидан беш минг чақирим узоқда, душман қўлида қолган ўзбекларнинг кечинмаларини тушунишга, уларни ўз ҳиссиётларига омухта этиб, қоғозга туширишга интилади:

    “Ватан…!

    У ерда муаззин азон чақиради, бозорда шамол замин билан ўйнашиб, осмонга чанг-тўзон кўтаради, кўчаларни эса зирали зирвак ҳиди тутган.

    Ватан энди олисда қолди.

    Бегона юртда сен ҳеч кимнинг тилини тушунмайсан, улар сенинг тилингни тушунишмайди.

    Нега бу одамлар сенга ҳайвондан ҳам баттар муомала қилишаётгани эса қоронғу”.

    Ёқилган архив

    Бу ўзбекларнинг кимлигини аниқлаш учун зарурий маълумотлар жуда кам. 1945 йил таслим бўлиш олдидан нацистлар концлагер биносига ўт қўйишган.

    101 ўзбекдан икки нафарининг чеҳраси аксланган ягона фотосурат сақланиб қолган, бироқ исмлари номаълум.


    Ҳотам Қодиров ва Зоир Муродов. Бу расмлар концлагерда чизилган.

    Концлагерда сақланган голланд коммунисти, меъмор Геррит де Вилде қалам билан бир неча ўзбек асирининг аксларини чизган.

    Жами тўққизта расм, аммо фақат иккитасида асирларнинг отлари битилган.

    “Исмлар хато ёзилган, лекин ўзбекчага ўхшайди” – дейди Рейдинг.

    “Биттаси Кадиру Ксатам, иккинчисида эса Муратов Зайер, деб ёзилган. Ҳойнаҳой, биттаси Ҳотам Қодиров, иккинчиси Зоир Муродов бўлса керак”.

    Ўзбекча исмлар ва чеҳралар жиз этиб юрагимга тегади. Чатмақошлар, ҳокисор қарашлар ва овросиёча юзлар.

    Булар менинг ватаним – Ўзбекистонда чиройли саналади.

    Аксларда 20 ёшлар чамасидаги йигитлар тасвирланган.

    Ким билади, уруш бошланганда оналари улар учун келин излаётган, оталари эса тўйларига атаб новвос боқаётган бўлгандир.

    Ортларида қаллиқлари ёки ҳатто оилалари, фарзандлари қолгандир.

    Балки бобомиздир…


    Голландлар ҳар йили 101 Ўзбек хотирасига шам ёқишади.

    Шу сонияларда миямга ялт этиб бошқа бир фикр урилади.

    Балки ораларида менинг ҳам қариндошларим бордир? Иккита тоға-бобом, рафиқамнинг бобоси урушдан қайтишмаган.

    Баъзан уйдагилар улар Германияда немис аёлига уйланиб, Европада қолиб кетишган, дейишарди.

    Энди билсам, бувиларимиз ўзларини овутиш учун ўйлаб топган ҳикоялар экан бари.

    Ўзбекистондан 1.4 миллион киши Иккинчи Жаҳон Урушида иштирок этган. Уларнинг учдан бир қисми ҳеч қачон қайтмаган.

    100 мингдан зиёд одам ҳамон дараксиз қолаётгани айтилади.


    СУРАТ МАНБАСИ,MUSEUM FLEHITE

    Амерсфоортда ўлдирилган 101 нафар ўзбек аскарининг нега шахси аниқланмай қолаётгани ва қариндошлари топилмагани сабаблари кўп.

    Аввало, Иккинчи Жаҳон Уруши ортидан Совуқ Уруш бошланиб кетган. Бу даврда Ғарбий Европа ва СССР мафкуравий душманларга айланишганди.

    Иккинчидан, Совет Иттифоқи қулаши ортидан Ислом Каримов етакчилигидаги Ўзбекистон ўзининг коммунистик тарихини унутишга интилди.

    Ўзбек ҳукумати учун 75 йил олдин бедарак кетган аскарлар тақдири муҳим масала эмасди.

    Шавкат Мирзиёев топадими?

    Шавкат Мирзиёев қудратга келиши билан бу масалада анча ўзгаришлар кузатилмоқда.

    Ҳозир 9 май дабдаба билан нишонланади.

    Шомаҳмудовлар ҳайкали Тошкент марказига қайтарилди ва ҳатто уруш фахрийлари исташса, давлат ҳисобидан бепул ҳажга боришлари ҳақида айтилди.Коронавирус карантинига қарамай, Тошкентда махсус Ғалаба боғи очилди, унутилган ўзбекистонлик генерал Собир Раҳимов хотирасига тикланмоқда. Тўғри, баъзилар ушбу ҳаракатларни Ўзбекистоннинг Россия таъсири доирасига қайта тушиши сифатида ҳам баҳолашмоқда.

    Танқидчилар, хусусан, Россия етакчилигидаги ташкилотларга қўшилиш масаласи, Тошкентни ишғол қилган босқинчи рус аскарлари хотирасига тикланган бутхонани таъмирлаш ва Москва ёрдамида АЭС қуриш режалари каби ҳолатларни мисол қилиб келтиришади.

    Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукумати 101 ўзбек аскарининг шахсини аниқлаш, уларнинг қариндошларини топиш ва қарийб етмиш йилдан бери қабри ғурбатда қолган ўзбеклар хотирасига ҳурмат бажо келтиришга бел боғлади. Ремко Рейдинг Ўзбекистонга таклиф этилди ва тадқиқот олиб боришига имкон яратилди.Улар ҳақида фильм олинди.Ғалаба куни олдидан 101 Ўзбек ва Илҳақ фильмлари намойиш ҳам этилди.


    Ўзбекларнинг жасадлари топилгач, аввал маҳаллий қабристонга, кейинроқ махсус Совет қабристонига кўчирилган.

    Маълумотлар Ўзбекистондами?

    “Немислар ўлим сабаблари СССРга номаълум бўлган асирлар ҳақидаги ҳужжатларни маҳаллий КГБларга жўнатишган” – дейди Рейдинг – “101 асирнинг ҳужжатлари эса Ўзбекистонда сақланаётган бўлиши керак”.

    “Уларнинг фарзандларига ўз оталари, ука-сингилларига эса бедарак кетган бу акаларининг ҳикояларини айтиб беришни истайман. Улар бунга ҳақли”.

    Ремко Рейдинг ҳозир Ўзбекистон ёрдамида худди шу иш устида ишламоқда.Ҳозирча 101 ўзбекнинг ҳаммаси ким бўлгани аниқланмаслиги мумкиндир.

    Аммо улардан баъзиларининг қариндошларини ва ҳатто авлодларини топиш умидлари ҳам йўқ эмас.