АҚШда прокурор бўлган илк ўзбекистонлик Зебо Фаттоева билан суҳбат

Зебо Фаттоева – ҳуқуқшунос, прокурор, 3 фарзанднинг онаси.
Зебо Фаттоева ҳам Ўзбекистонда ҳам АҚШда прокурор бўлган илк ўзбекистонлик ватандошимиз ҳисобланади. Ҳозирда АҚШда яшаб, ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлаб келмоқда. Ўзбекистонда ишлаган вақтида ўз соҳасидаги хизматлари учун 2001 йилда Ўзбекистон Мустақиллигининг 10-йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланган. Дунёнинг етти тилида: ўзбек, рус, инглиз, турк ва форс-тожик тилларида мукаммал, немис ва испан тилларида сўзлаша олади.

Vatandosh: – Зебо опа, келинг авволо ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз. Асли ўзбекистонлик прокурор хоним билан ўқувчиларимизни таништирсангиз.

Зебо Фаттоева:
Мен Фаттоева (Каримова) Зебо Бозоровна Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилганман. Отам Пардаев Бозор Каримович ҳисобчи бўлиб ишлаганлар, онам Қурбонова Норхол эса уй бекаси. Мактаб таълимини Оқдарё тумани, 11-умумий ўрта мактабда олганман. Касбим ҳуқуқшунос. Мутахассислигим прокуратура соҳаси. Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилояти прокуратура органлари тизимида фаолият юритганман. Ҳозирда эса Нью-Йорк штати Квинс округи прокурорининг ёрдамчиси лавозимида ишлаб келмоқдаман.

Ўзбекистонда ўқиган йилларим давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси танловида қатнашиб, 2001-2002 йиллар “Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар” йўналиши ғолиби бўлганман.

Vatandosh:
– Болаликдаги орзуларингиз, ҳуқуқшуносликка қўйилган илк қадамларингиз ва касбингизни танлашингизда ким ёки нима сабаб бўлган?

Зебо Фаттоева:
Ёшлигимдан ҳуқуқшунос бўлишга, айниқса прокуратура соҳасида ишлашга қизиқишим юқори бўлган. Бунга отамнинг кўплаб молиявий жиноятларни очишда прокуратура томонидан мутахассис сифатида ишга жалб қилиниши сабаб бўлган. Айниқса, кўп йиллар мобайнида прокуратура соҳасида фаолият олиб борган отамнинг дўсти Келдиёр Пўлатовичга бўлган ҳавас мени шу соҳани танлашга ундаган. Шунинг учун, мактаб давридаёқ тарих, немис тили, она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилганман ва ҳуқуқшунослик соҳасига ўқишга кириш учун тестларга тайёргарлик кўрганман. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, олий таълимнининг бакалавр босқичини Самарқанд Давлат Университети юридик факультетида олганман. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан тамомлаб Тошкент Давлат Юридик Университетида магистратура босқичида таҳсил олганман.

Vatandosh:
Иш фаолиятингизни неча ёшда ва қаерда бошлагансиз?

Зебо Фаттоева:
Иш фаолиятимни Тошкент шаҳридаги “Шарқ Зиёкори” ОАЖ да кичик юрист сифатида бошлаганман. Магистратурани тугатгач, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан берилган йўлланма асосида Самарқанд вилояти Оқдарё тумани прокурор ёрдамчиси лавозимида фаолиятимни давом эттирганман. Бир йилдан сўнг, Самарқанд шаҳар прокуратурасига прокурор ёрдамчиси сифатида ўтказилганман. АҚШга кўчиб ўтгунга қадар Самарқанд шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида жиноят ишлари кўрилишида судда давлат айбловини қўллаб қувватлаганман.

Vatandosh:
Ҳозирги иш жойингиз, вазифангиз нималардан иборат?

Зебо Фаттоева:
Бугунги кунда Нью-Йорк шаҳри, Квинс округ прокурорининг ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Тергов Бюросида ишлайман. Вазифам жиноятларни тергов қилиш ва жиноятларни таснифлашдан иборат. Умуман прокуратура соҳаси Ўзбекистоннинг прокуратураси соҳаси билан ўхшаш. Прокурорлар жиноятларни тергов қилиш ва жиноятларни квалификация қилиш, судда давлат айбловини қўллаш билан шуғулланишади.

Vatandosh:
Ўзбекистонда ҳуқуқшуносликка ўқиб хорижда ҳуқуқшунос бўлиб ишлаш қийин, бошқа ҳуқуқ тизими, қонунлар бошқа. Сиз бу вазиятдан қандай чиқдингиз?

Зебо Фаттоева:
Албатта осон бўлмаган, чунки Ўзбекистон ҳуқуқ тизими роман-герман ҳуқуқ тизимига киради. Бу тизимга кўра қонунлар кодекслаштирилади, прецедент ҳуқуқи амал қилмайди. АҚШда эса англо-саксон ҳуқуқ тизими ва прецендент ҳуқуқи амал қилади. Иккала тизим орасидаги фарқ анча катта. Бунинг устига инглиз тилини фақат АҚШга кўчиб ўтгач ўрганлигим туфайли бир оз машаққат чекдим. Аммо, мақсадга бўлган интилиш, яна прокуратура ходими бўлиш орзуси барча қийинчиликларни енгишга ва ҳар доим олдинга қадам ташлашга ундади. Шу сабабли, Индиана Университети Маур Ҳуқуқ Мактабида юрист доктори соҳасига ўқишга кирдим. Ўқишим давомида прецедент ҳуқуқини мукаммал ўргандим, прокуратура соҳасида ишлаш учун зарур бўладиган барча курсларни олдим. 2019 йилда юрист доктори даражасини олдим ва Нью-Йорк штатида ҳуқуқшунослик соҳасида фаолият юритиш учун лицензия имтиҳони (BAR Exam) дан муваффақиятли равишда ўтиб, лицензия олдим. 

Курсдошлари билан

Vatandosh:
Америкага келмоқчи бўлган ҳуқуқшуносларга сизнинг тавсиянгиз.

Зебо Фаттоева:
Авваламбор, инглиз тилини мукаммал ўрганиб TOEFL ва IELTS тестларидан юқори натижаларга эришишларини маслаҳат берган бўлардим. Қўшимча сифатида, машҳур университетларнинг магистратура (LLM) босқичларига ҳужжат топришиб, молиявий ёрдам олишларига ундаган бўлардим. Шунда тизимга мослашиш ва ҳуқуқшунослик фаолиятини давом эттириш анча осон бўлади.

Vatandosh:
Эришган ютуқларингизда кимнинг ҳиссаси кўпроқ?

Зебо Фаттоева:
Эришган ютуқларимда авваламбор ота-онам, айниқса онамнинг ҳиссалари катта. Онам менга жасур ва қўрқмас бўлишни, ўз олдимга буюк мақсадлар қўйиб уларга олға интилишни ўргатганлар. Ундан ташқари, қайнона-қайнотам, айниқса Бибижоним Шукурова Очагулнинг мени қўллаб-қувватлашлари ва меҳрибонликлари менга ҳар доим далда берган. Ва энг асосийси, турмуш ўртоғим ўзимга бўлган ишончни қайтаришга ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганлар. Америкага кўчганимиздан сўнг, тилни билмаганлигим ва ҳеч қаерда ишламаганлигим сабабли менинг ўзимга бўлган ишончим бироз сусайди. Шуни айтишим керак, турмуш ўртоғим инглиз тилини мукаммал ўрганишимга ва қайтадан ҳуқуқшунослик соҳасида иш бошлашимга сабабчи бўлган ягона инсон. У кишининг беминнат ёрдамлари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли шу кунларга етиб келдим.

Турмуш ўртоғи физик олим Фарруҳ Фаттоев билан

Vatandosh:
Оила, фарзандлар тарбияси, иш, ўқиш аёл киши учун қийинчилик туғдирмайдими сиз буни қандай эплайсиз? 

Зебо Фаттоева:
– Албатта аёлларга ҳам оилани, ҳам карерани бирга олиб бориш жуда қийин. Турмуш ўртоғим Фаррух Фаттоев физика соҳасида олим, профессор. У киши иш юзасидан кўплаб илмий конференциялар ва йиғилишларда қатнашадилар. Шунинг учун фарзандлар тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари асосан менинг зиммамда. Шу сабабли докторлик даражасини олиш учун ўқиётганимда менга осон бўлмаган. Айниқса, охирги курсда ўқиётганимда, турмуш ўртоғим иш юзасидан бутунлай Нью-Йорк шаҳрига кўчиб ўтдилар. Мен эса ёлғиз ўзим уч нафар мактаб ёшидаги ўғилларимиз билан Блумингтон, Индиана штатида ҳам уй-рўзғор юмушлари, ҳам фарзандлар тарбияси ва ҳам ўқишни уддалашимга тўғри келган.

Vatandosh:
– Мусофир юртда яшаш сизга нималар қадрини билдирди? Ўзбекистоннинг кўпроқ нимасини соғинасиз?

Зебо Фаттоева:
Мусофир юртда яшаш менга авваламбор оила ва ватан қадрини билдирди. Айниқса, Ўзбекистоннинг суви, ҳавоси ва бағрикенг инсонларини соғинаман. Баъзан ўзбек бозорларини, таомларини ва тўй-ҳашамларини қумсайман.

Vatandosh:
Намунали оиланинг бекаси сифатида маслаҳатларингиз. Болалар тарбиясида кўпроқ нималарга аҳамият берасиз? 

Зебо Фаттоева:
Оилада ҳурмат ва ишонч ҳукмрон бўлиши керак. Агар икки инсон бир-бирларига ишонишса ва садоқатли бўлишса, бир-бирларини ҳурмат қилишса, у оилада файз-барака бўлади. Биз турмуш ўртоғим билан бир-биримизни тушунамиз ва ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Шу сабабли, мен мутахасис сифатида олдимга қўйган мақсадларимга эришиб келмоқдаман.

Менимча, ота-она фарзандларга яхши ўрнак бўлиши керак, чунки фарзандлар ота-оналарига қараб тарбия оладилар. Уч ўғил фарзанднинг онаси сифатида, фарзандларга бир оз қаттиққўллик қиламан, чунки ўғил болалар шўх ва видео ўйинларга ўч бўлишади. Уларни илм олишга, ўзларини ҳар томонлама ривожлантиришга ва спорт билан шуғулланишларига ундайман. Шу ўринда айтиб ўтмоқчиман, фарзандларимиз Азизжон, Фариджон ва Алекс ҳамиша аъло баҳолар билан ўқишади.

Vatandosh:
Келгуси касбий режаларингиз қандай?

Зебо Фаттоева:
Режаларим прокуратура соҳасини мукаммал эгаллаб, жиноят ҳуқуқи, жиноят процесси, жиноятларни тергов қилиш ва судда қатнашиш борасида тажрибамни оширишдан иборат. Бундан ташқари, прокуратура соҳасида узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатиб ўз касбимнинг устаси бўлиш ниятим бор.

Vatandosh:
– Ўқиб изланаётган ёш аёл-қизларга ишда ва оилада муваффақиятга эришишлари учун нима маслаҳатлар берасиз?

Зебо Фаттоева:
Ўқиб изланаётган ёш аёл-қизларга маслаҳатим, авваламбор, ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлашлари лозим. Менинг фикримча, муваффақиятнинг схемаси оддий. Биринчи, ўз олдингизга аниқ мақсад қўясиз, ўша мақсадга мос режа тузасиз, режани амалга ошириш учун эса мунтазам меҳнат қиласиз. Aммо бир нарсани ҳамиша ёдда тутиш лозим. Муваффақиятга эришиш вақт талаб қилади. Ўз режалари устида мунтазам ишлаган ва сабрли инсонлар албатта муваффақиятга эришади.

Vatandosh:
Суҳбатимиз охирида сўнгги сўзингиз.

Зебо Фаттоева:
Мен  ҳамиша ўзбек халқининг фарзанди эканлигим ва ўзбеклигим билан фахрланиб келаман. Ушбу кунларга етиб келгунга қадар жуда кўп машаққат чекдим, аммо олдимга қўйган мақсадга бўлган иштиёқим барча қийинчиликларни енгиб ўтишимга сабаб бўлди. Буларни айтишимга ягона сабаб эса Америкага қўчиб ўтаётган аёлларимизга илҳом бағишлаш ва қайсидир маънода далда беришдан иборатдир. Шу ўринда, ўзбек халқига, ота-онам, турмуш ўртоғимга ва менга таълим берган устозларимга чексиз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Сизларга ҳам интервьюга таклиф қилганларингиз учун раҳмат.

Vatandosh:
– Зебо опа сизга ҳам келгуси ишларингизда омад тилаб қоламиз. Доимо ватандошларимиз учун шундай намуна бўлиб юринг.