Бир мусулмон славян халқи-торбеши

Болқон яримороли жуда ўзига хос ер бўлиб, бир-бирига тамоман қарши бўлган маданиятлар ва миллатлар, ғарб ва шарқнинг ўзига хос қоришимидир дейиш мумкин.

Тахминан 500 йилча Усмонли туркларнинг ҳокимияти остида бўлган бу минтақадаги славян халқлари ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, янги сиёсий шарт-шароитларга мослашишга ҳаракат қилишади.  

Баъзи тарихчиларга кўра,  Болқон яриморолида серблар, македонлар, болгарлар ва бошқа миллатларнинг исломга кириши мажбурий ҳолат эди ва турклар ўз динларини бу минтақага таъбири жоиз бўлса, қон ва қилич ишлатиб сингдиришади. Бу албатта, нотўғри фикрдир. Исломни қабул қилган халқлар ёки ўз истакларига кўра, ёки муайян бир манфаат ва мақсадларни кўзлаб мусулмон бўлганликларини тарихий фактлар билан исботлаш унчалик ҳам мураккаб иш эмасдир.

Масалан,  баъзи христиан халқлар Усмонли империясида яхши карьерага, мансабга эга бўлиш, юқори доираларга яқин бўлиш учун мусулмон бўладилар. Гарчи империяда христиан ва яҳудийларга айирмачилик  қилинмаган  бўлсада, айни динда бўлиш табиики яхшироқ ва қулайроқ эди. Ёки мусулмон бўлганлар аввал тўлаб юрган жизъя солиғидан озод бўлишарди.

Илк мусулмон бўлганларнинг баъзилари исломни номигагина қабул қилган бўлиб, уй шароитида христианликка содиқ қолиб, славян кимлигини сақлашга ҳаракат қилишарди. Лекин кейинги авлод туркларга тамоман тақлид қила бошлади ва исломни ҳақиқий дин сифатида қабул қилди. Улар турклардан ҳамма нарсани  ўзлаштириб олишади; ҳатти-ҳаракатлар, сўзлашиш услуби, маданият, тарихга ва бошқа миллатларга муносабат, кийим-кечак ва овқат. Ўзгармаган тек нарса-тил эди, аммо унга ҳам “турцизм” деб аталган ва туркларнинг ишлатган сўз ва иборалари кўп миқдорда кириб кела бошлайди. Маданиятлар ўзгаради, миллат онгида ўзига хос трансформация рўй беради ва шу тариқа янги бир этнос юзага келади.

Бугунги мақолада Болқон яриморолидаги мусулмон славян халқи-торбешилар ҳақида сўз боради.

Торбеши сўзининг келиб чиқиши ҳақида икки фикр бор;

1) Ўз ватани ва динини бир тўрвага, қопга сотди деган маънода ҳақоратли бир ном.

2) Торбешиларга кўра эса, уларга бу ном Усмонли турклар пайтида маҳоратли савдогарлар бўлганликлари учун берилади.

Торбешиларда миллий ўзини-ўзи англаш ҳисси тарихтан бироз заиф бўлгани учунми, уларнинг сони ҳалигача аниқ эмасдир. Улар македонча гапиришади, лекин ўзларини ёки албан, ёки турк ёки шунчаки мусулмон деб аташади. Гап шундаки, Болқонда диний кимлик кўпинча этник кимлик демакдир. Агар бир киши мусулмон бўлса, у албатта ёки турк, ёки босняк ё албандир, аммо македон бўлиши мумкин эмас. Лекин шунга қарамай, биргина Македониянинг ўзида ўзларини мусулмон македон деб атайдиган инсонлар сони тахминан 100 мингдир.

Социализм пайтида кўплаб албанлар Энвер Хожанинг диктаторлик тузумидан қочиб Македонияга кела бошлайдилар. Торбешилар улар билан аралашиб кетмаслик, албан экспанциясига қарши курашиш учун 1970-йили ўзларининг Македон Мусулмонлар Ассоциациясини очишади. 1980-йилдан бошлаб улар кўплаб маданий тадбир ва конференциялар ўтказа бошлашади. Югославия парчалангач ҳам улар ассимиляцияга қарши курашишга давом этади.

2001-йили Македонияда бошланган этник гуруҳлар орасидаги тўқнашувларда македонлар ва албанлар орасида бир неча бор низолар чиқади.

Ҳозирда минтақада бу икки мусулмон халқни панисломизм ғояси асосида бирлаштиришга бўлган баъзи ҳаракатлар кузатилмоқда.

Саида Дариева тайёрлади