Блинкен қўллаб-қувватлаш мақсадида Украинага йўл олди

АҚШ президенти Жо Байденнинг бош дипломати Россия Украинанинг шарқий чегараси яқинида ўз қўшинларини тўплаганидан кейин Киевга ёрдам кўрсатиш мақсадида ташриф буюрди.

Давлат котиби Антони Блинкен президент Владимир Зеленский билан учрашиши ва Украинани ислоҳотлар йўлидан боришда давом этишга ҳамда коррупцияга қарши курашга чақириши кутилмоқда.

Байден Зеленскийга апрель ойида Киев ва Москва Украинанинг шарқий Донбасс минтақасидаги тўқнашувлар борасида ўзаро зиддиятга борганларида ва Россия Украина чегарасига ўз қўшинлари ҳамда қурол-яроғини жойлаштирган вақтда “тинимсиз ёрдам” кўрсатишни ваъда қилган эди.

Москва Байден ва Владимир Путин ўртасида июнь ойида бўлиб ўтиши мумкин бўлган учрашувга йўл очиш мақсадида 22 апрель куни ўз қуролли кучларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди.

“Биз ушбу ташрифни Россиянинг гибрид тажовузига қарши кураш масаласида АҚШнинг кучли ёрдами сифатида қабул қиламиз”, – деди Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Енин.

Вашингтон 2014 йилда Россия Қримни ўзига қўшиб олганидан ва Донбассдаги можаро бошлангандан бери Киевнинг энг кучли ҳамкори бўлиб келмоқда.

Ўзаро муносабатларга 2019 йилда ўша пайтдаги президент Доналд Трамп Зеленскийдан Байден ва унинг ўғли Хантернинг Украинадаги бизнес фаолиятини текширишни сўраганда ва Трамп маъмурияти Киевга хавфсизлик ёрдамини вақтинча музлатиб қўйганида бироз совуқлик тушган эди.