БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйини экологик инновациялар зонаси деб эълон қилди

БМТ Бош Ассамблеясининг 18 май куни бўлиб ўтган сессиясида Оролбўйи минтақасини “экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилган резолюция бир овоздан маъқулланди. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон илгари сурган бўлиб, резолюциянинг ҳаммуаллифлари эса 50 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ҳисобланади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябрь ойида БМТда сўзлаган нутқида Орол денгизи қуриши натижасида Оролбўйи зонаси “экологик офат эпицентри”га айланганини таъкидлаб ўтганди. Шавкат Мирзиёев бу муаммони биргаликда ҳал қилиш учун “2 миллион гектар майдонда янги ландшафт, ўрмон массивлари ва тупроқ қопламини шакллантириш”ни таклиф қилди.

Бир вақтлар ёпиқ кўллар орасида катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган Орол, энди деярли қуруқ ва кичик кўлмакка айланиб улгурган.

Оролнинг қуриган қисмида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда туз чўллари пайдо бўлди, бу ерда чанг бўронлари кўтарилиб, минглаб тонна чанг ва заҳарли тузлар атмосферага тарқалиб, ўсимликларни йўқ қилди. Экологик фалокат миллионлаб инсонлар ҳаётига ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатди.

Қабул қилинган резолюцияда Бош Ассамблея Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.