Boeingнинг Starliner капсуласи парвози июлга режалаштирилмоқда

NASA ва Boeing 30 июль куни экипажсиз Starliner капсуласини Халқаро космик станцияси томон учиришни мақсад қилиб қўйдилар.

Ушбу капсуларнинг очиқ коинотга чиқарилиши NASA Commercial Crew дастури доирасида амалга оширилиб, дастур қисман Хюстондаги Жонсон космик марказидан бошқарилсада, капсула Флорида штатидаги Канаверал бурнидан учирилади.

“NASA ва Boeing ҳозирги даражадаги ютуқларга етиб келишлари учун жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширдилар”, – деди Стив Стич, Commercial Crew дастури менежери.

Starlinerнинг биринчи экипажли парвози шу йил сентябрь ойидан олдин амалга оширилиши ният қилинмоқда.

2019 йил декабрь ойида амалга оширилган илк синов парвози пайтида Starliner капсуласи ХКСга уланолмаган ва Ерга муддатидан олдин қайтиб тушишга мажбур бўлган. Оқибатда NASA Boeing тузатиши керак бўлган 80 та муаммони аниқлаган.

Boeing NASA томонидан Америка астронавтларини ХКСга олиб чиқадиган космик кемани яратиш пойгасида бошқа бир шу турдаги – Элон Маскнинг Space X компаниясига ютуқни бой берди.

2011 йилда “Space Shuttle” дастури тугатилганидан сўнг, астронавтларни орбитага учириш йўлида Америка имкониятларини тиклаш учун ҳар иккала компанияга NASA томонидан миллиардлаб доллар маблағ ажратилди.

Space X ўзининг биринчи экипажли парвозини амалга оширган 2020 йилга қадар, АҚШ орбитага чиқиш учун Россиянинг Союз ракеталаридан фойдаланиб келарди.