Бразилияда 400000 ўлим

Ковид-19 билан боғлиқ ўлимлар сони Бразилияда 400000 дан ортиб кетди. Бу кўрсаткич дунёда иккинчи энг юқори кўрсаткич бўлиб, мамлакат ўз эмлаш дастурида оқсоқликларга йўл қўймоқда.

Охирга 14 кунлик ўлим ҳолатларининг ўртача даражаси юқори бўлиб қолмоқда. Конгресс ҳукуматнинг пандемияга қарши кураш дастурини қўллаши бўйича суриштирув ишларини бошлади.

Умумий локдаун, ниқоблар тақишга тез-тез қаршиликлар билдирган ва касалликни даволашда ижобий таъсири исботланмаган дори воситаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаган президент Болсонаро мамлакат бўйлаб қаттиқ танқидларга учрамоқда ва унинг аҳоли орасидаги рейтинги тобора тушиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш институти Фиакрузнинг хабар беришича, мамлакатдаги вазият ҳамон аянчлилигича қолмоқда. Тиббий муассасалардаги ўринларнинг бандлик кўрсаткичи 90%дан юқорини ташкил этмоқда.

Бразилияда март ва апрел ойлари ўртасидаги бор-йўғи 37 кун мобайнида 100000 нафар инсон ҳаёт билан видолашди. Пандемия бошланганидан бери мамлакатда 14.5 миллиондан ортиқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари юз берди.

Болсонаронинг кўмаги камайиб, ўлим сони ортмоқда

Агар вакциналар тезроқ сотиб олинган бўлиб, мамлакатда карантин ҳолати жорий қилинганда, Бразилия бу даражадаги даҳшатли ҳолатга етиб келмаслиги мумкин эди. Аммо, Президент керакли чоралар кўришда ортда қолди, натижа эса аён: Бразилия 400000 дан ортиқ инсонга мотам тутмоқда.

Жаноб Болсонаро локдаун жорий қилинган штатларга армияни юбориш билан таҳдид қилмоқда. Унинг тарафдорлари эса ҳукумат вакциналарни Бразилиянинг соғлиқни сақлаш тизими тасдиғидан ўтмагунича сотиб ололмаслигини даъво қиляптилар.

Сенат комиссияси Болсонаро ҳукуматининг Ковид-19 га қарши кураш дастури юзасидан расмий суриштирув ишларини бошлади. Комиссия бир неча текширувларни, жумладан, президент томонидан эмлаш жараёнининг ортга сурилиши, унинг вирус аёвсизлигини шубҳа остига олувчи такрорий баёнотлари ва гидроксиклорохин каби таъсири илмий исботланмаган дори-дармонларни тарғиб қилгани бўйича суриштирувларни амалга оширади. Суриштирув давомида президентга нисбатан импичмент масаласи кўтарилиши мумкин.