Чўлдаги кўл

Ленсуа Мараньенсес миллий боғи Бразилиянинг шимоли-шарқидаги Маранҳао штатида жойлашган миллий боғ ҳисобланади. Майдони 155000 гектарни ташкил этиб, 70 км узунликдаги соҳил орқали океан билан чегарадошдир. Боғда кўплаб қум тепаликларини кўриш мумкин. Ёмғирлар мавсумида қумтепалар орасидаги ҳавзалар чучук сув билан тўлиб қолади. Ҳавзалар остидаги сув ўтказмайдиган тош қатлам туфайли сувлар қум остига сингиб кетмайди.

Боғнинг аксарият қисми чўл кўринишига эга бўлсада, бу ҳудудга йилига 1200 миллиметр қалинликда ёмғир ёғади. Чўлларга эса, меъёрга кўра, йилига ўртача 250 миллиметрдан кам ёмғир ёғади.

Боғга қумни Парнайба ва Прегуитсас дарёлари олиб келади, кейин қум шамоллар туфайли ичкарига қараб 50 кмгача ҳаракатланиб, 40 метргача баландликдаги қум тепаликларини ҳосил қилади. Ёмғирлар мавсумида, январь-июнь ойлари ўртасида қумтепалар орасидаги ҳавзалар узунлиги 100 метр ва чуқурлиги 3 метргача бўлган чучук сув билан тўлади.

Боғда Бразилиянинг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонот ва набодот турларини учратиш мумкин.