Диего Марадонанинг ўлимида етти нафар тиббиёт ходимлари айбланмоқда

Етти нафар тиббиёт мутахассислари футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бирининг ўлимида айбдор деб топилмоқда.

ESPN (Америка кабелли спорт канали) мухбири Адриана Гарсия томонидан берилган хабарга кўра, Сан Исидро Аргентина прокуратураси ўтган йил ноябрь ойида юрак ҳуружидан вафот этган Диего Марадонанинг ўлимида етти нафар тиббиёт ходимини “қасддан қотиллик қилишда” айбламоқда. У вафотидан икки ҳафта олдин мия жарроҳлигини ўтказган эди. Марадонани парваришлаш учун масъул бўлган тиббиёт мутахассислари унга етарлича ғамхўрлик қилмаганликда айбланмоқда. Прокуратура томонидан тайинланган тиббий ҳайъат Марадонанинг тиббий гуруҳи унинг ўлимидан олдин “ноўрин, нуқсонли ва бепарво” ҳаракат қилганини даъво қилмоқда.

Судланувчилар қаторида Марадонанинг бош мия жарроҳлигини ўтказган нейрохирург Леополдо Люк, унинг руҳшуноси Августина Косачов, икки нафар ҳамшира, ҳамшира координатори, ёрдамчи шифокор ва психологларни кўриш мумкин. Люк барча айбларини рад этмоқда.

Марадонанинг вафотидан бери уни даволаган тиббиёт мутахассисларига нисбатан аҳолида нафрат пайдо бўлди. Бир неча ой олдин Буэнос-Айресда бўлиб ўтган намойишда одамлар Марадонанинг ишида адолатни талаб қилдилар. Намойишчилар “No se murió, lo mataron” (“У ўлмади, уни ўлдиришди”) каби ёзувларни кўтариб туришди.