Эрдўғон Папа Френсисга: Исроил нафақат фаластинликларни, балки барча мусулмонлар, насронийлар ва инсониятни ҳам нишонга олмоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Папа Френсисга Исроил тажовузининг мақсади нафақат фаластинликлар, балки барча мусулмонлар, насронийлар ва бутун инсоният эканлигини айтди.

Душанба куни Ватикан Папаси билан телефон орқали суҳбат чоғида Эрдўғон инсоният муқаддас қадамжоларга ҳужум қилишдан тийилмайдиган Исроилга қарши бирлашиши кераклигини таъкидлади.

Эрдўғоннинг айтишича, Папа Френсис христиан олами ва халқаро ҳамжамиятни ҳаракатга ундаш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

У қўшимча қилиб: “Биз Фаластинга нисбатан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бошчилигидаги барча йиғилишларда қизғин дипломатик музокаралар ўтказдик, аммо БМТ Хавфсизлик Кенгаши масъулиятни ҳис қила олмади”, деди.

Эрдўғон ўзи билан муҳокама қилган раҳбарларни Исроил томонидан Ақса масжиди, Қуддус, Ғазо ва Фаластин мусулмонларига қарши уюштирилган ҳужумлар ва репрессияларга қарши самарали чоралар кўришга чақирди.