Эроннинг унутилмиш обидаси-Табриздаги Мовий Масжид

Масжид-и-Кобуд деб ҳам аталадиган бу меъморий обида Эрон Озарбайжони деб аталадиган минтақанинг маркази Табризда жойлашгандир. XV асрга оид бўлган бу масжиднинг ҳар бир гумбазини мовий бўёқ билан бўяб чиқиш  ва хаттотлик намунаси билан безаш учун 25 йил сарфлангандир.  Уни келиб чиқиши Озарбайжондан бўлган Қора қуйунлилар сулоласининг шоҳлари қурдирган.

Мовий Масжид бир пайтлар Музаффария деб аталган меъморий мажмуанинг бир қисми эди. Мажмуа масжид, мақбара, сув омбори, кутубхона ва хонақоҳдан иборат бўлган. 1727 йилги зилзила мажмуага зиён бермаган бўлсада, 1773 йили такрорланган табиий офат туфайли у қисман вайрон бўлган эди.

Йиллар ўтиши билан масжид секин-аста вайронага айланиб боради ва одамлар эътиборидан четда қолади. Шамоллар келтирган тупроқлар эса унинг вайрон бўлган ерларини вақт ўтган сайин кўздан яшира бошлайди.

1950-1966-йилларда Эрон ҳукумати масжидни тупроқдан тозалаш ва таъмирлаш ишларини олиб боради. Тарихчилар ва меъморларнинг фикрича, масжид гумбазлари ва ички устунларнинг баъзи қисмларини кўздан кечириб, бу обиданинг қурилиши ҳеч қачон битмаган экан, деган фикрга бориш мумкиндир. Масжидни таъмирлаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.