Эски Дамашққа бир нигоҳ

Дамашқда Эски шаҳар деб аталадиган туман бор. Бир пайтлар у тўлалигича қалин девор билан ўралган эди, кунимизда ундан фақат баъзи қисмлар ва ХХ асрнинг бошларида ҳам посбонлар томонидан кечалари қулфланган дарвозалар сақланиб қолгандир.

Эски Дамашқ ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий-меъморий ёдгорлик ҳисобланади. У ерда бу ерда азалдан яшаб келган оилаларга тегишли жуда чиройли кўп қаватли уйлар жойлашган. Бу уйларнинг кўпчилиги Усмонли империяси пайтида қурилгандир. Сурияда уруш бошланишидан аввал уйларнинг эгаларига бир неча миллион доллар нарх таклиф қилинган бўлса ҳам, сотмоқ истаганлар деярли бўлмаган эди. Бундай ҳовлили уйларда кўпинча меҳмонхона ёки миллий таомлар пишириладиган ресторанлар очилган эди.

Эски шаҳарнинг торгина қадимий кўчаларидан юрар экансиз, бир қарашда бу уйларни пайқашингиз қийиндир.

Бу ҳовлиларнинг қурилишида оч кулранг базальт тоши ишлатилган, мармар ҳам учраб туради.

Уйнинг иккинчи қаватидаги деразаларга машрабийя деб аталадиган ёғоч панжаралар ўрнатилган, аёллар номаҳрамларга кўринмасдан, уйга келган меҳмонларни шу ердан кўришлари мумкин эди.

Устунли ва фавворали ҳовли. Фавворалар ҳам безак, ҳам ёзнинг жазирама кунида ҳавони совутиш ва ҳамда сув шовқини ёрдамида инсонларнинг бир-бирларининг гапларини пойлаб ўтиришларини олдини олиш учун ишлатилган.

Урушдан кейин сайёҳлар сони албатта деярли йўқ бўлди, лекин мухбирлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилалари, дипломатлар бундай шинам гўшаларда яшашни ёқтиришади.

Бу суратда эса қадимий шаҳар деворининг бир қисми кўриниб турибди. Умид қиламизки, уруш инсоният тарихининг нодир обидаси бўлган бу қадимий шаҳарни буткул вайрон қилиб юбормайди.

Саида Дариева тайёрлади.