Исроил газетасига урушда ҳалок бўлган фаластинлик болаларнинг фотосуратлари жойлаштирилди

Исроилнинг “Ҳааретц” кундалик газетаси пайшанба куни ўзининг биринчи саҳифасида Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилиши пайтида вафот этган 67 нафар болаларнинг расмларини чоп этди. Расмлар “Урушнинг нархи” сарлавҳаси остида чоп этилди.

Исроил зўравонлиги остида ўлдирилган фаластинлик болаларнинг расмларини намойиш этиш учун Ҳааретц томонидан амалга оширилган ушбу ҳаракат журналистикага хос объективликни тимсоли сифатида баҳоланмоқда. Газета Исроилники бўлсада, у исроилликлар томонидан содир этилган ваҳшийликларни намойиш этишни афзал кўрди.

Газетада берилган ушбу расмлар одамларда қарама-қарши ҳиссиётларни келтириб чиқарди. Кўпчилик Ҳааретцни журналистик ёндошуви ва Исроил давлатини танқид қилгани учун мақтаган бўлса, бошқалар эса уни нохолисликда айблаб, сарлавҳада фақат фаластинлик болалар расмлари чоп этилганини айтишди.

Бир ўқувчи ҳар доим газетани таъсирланиб ўқишини, аммо бундай ҳаракатни газета ижодкорларидан кутмаганини, бу каби воқеликларни ёритиш учун жиддий жасорат кераклигини, нашр ходимлари бунданда юқори эътирофга лойиқлигини ёзган.

Айни пайтда, Ҳааретц нашриёти Амос Шокен, газетада Ғазодаги сўнгги урушларда ўлдирилган исроиллик болаларнинг ҳам суратларини чоп этмагани учун узр сўраганлиги ҳақида хабар бермоқда.