Исроилдан яна бир қабиҳлик

Исроилдан яна бир қабиҳлик

Исроил Ташқи Ишлар Вазирлигининг араб тилида фаолият юритадиган бир ижтимоий тармоқ ҳисобида ишғол остидаги Ғазода Исроил армияси томонидан бомбаланган бир ернинг сурати қўйилди. Бу суратга орқа фон сифатида эса Қуръони Каримнинг Фил сурасининг тиловати ишлатилди.

Фил сурасида Яман ҳокими Абраҳанинг Каъбага филлар билан ҳужум қилганлиги ва Аллоҳ жўнатган абобил қушлари томонидан енгилганлиги ҳақида сўз боради.

Исроилнинг бу жирканч ҳатти-ҳаракати бутун дунёда қаттиқ норозиликка сабаб бўлди. Ақсо масжиди Вақфи мудири шайх Умар ал-Кисвоний бу ишни бутун мусулмонларнинг энг нозик ҳислари билан ўйнаш ва Аллоҳнинг оятларини мазах қилиш деб баҳолади. Исроилнинг бу иши яққол провокация эканлиги барчага аён, деб таъкидлади шайх.