Келажак пандемиясини тўхтатувчи вакциналар

Кембриж биотехника VBI вакциналари компанияси бош директори Жефф Бакстер компаниянинг Канададаги R&D филиалида ўз ходимлари билан коронавирус бўйича вазият ёмонлашганини муҳокама қилмоқда.

Деярли 15 йил олдин АҚШда ташкил этилган бу кичик компания юқумли касалликлар ва саратон ҳасталикларига қарши вакцина ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аммо 800 миллион доллардан сал кўпроқ бозор капитали билан у Пфайзер ва Модерна каби бошқа фармацевтика гигантлари билан рақобатлаша олмайди.

VBI ҳозирда бошқа йўналишда иш олиб бормоқда. КОВИД 19 нинг барча вариантларига, шунингдек, келажакда пандемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган коронавирусларга ҳам қарши самарали таъсир кўрсата оладиган пан-коронавирус вакцинасини ишлаб чиқишга йўналтирилган лойиҳа бўйича ишлар жадаллик билан кетмоқда. Клиник синовлар жорий йилнинг иккинчи ярмида бошланади.

VBIнинг пан-коронавирусга қарши эмлаш ғояси жуда ҳам содда: у иммунитет тизимини одамлар илгари дуч келмаган коронавирусларда ҳам мавжуд бўлган маълум бир қисмини таниб олиш учун “шуғуллантирмоқчи”. Барча коронавирусларда ҳужайраларга бирикиб олиш учун ишлатиладиган тожсимон оқсил мавжуд; вирус номи айнан мана шу тож шаклидаги оқсил номидан келиб чиққан.

Бошқача қилиб айтганда, VBI иммунитет тизимини маълум турдаги коронавирус тожсимон оқсилини излаб топиш ўрнига, ҳар қандай тожсимон оқсилни қидириб топиб, йўқ қилишга ўргатмоқчи.