Кенжа фарзандга уй-жой мерос қолиши қонунийми ёки бу шунчаки қадриятми?

Мерос масаласи ҳар бир оилага дахлдор, ҳатто ҳар бир фуқарога тегишли бўлган юмуш. Иш тажрибамдан келиб чиқиб, шундай ҳолатларга дуч келганман. Ҳеч бир инсон ўзидан кейин қолдирган мулки бўйича низо бўлишини, яқинлари, фарзандлари ўртасида адоват бўлишини истамайди. Аммо, баъзида ҳуқуқий билим етарли бўлмагани туфайли аҳоли ўртасида мерос масаласида турли келишмовчиликлар ҳали ҳануз давом этмоқда. Ҳатто, ака-ука опа-сингилларнинг мулк талашиши оқибатида юз кўришмас бўлиб кетаётгани бор гап. Энг ёмони, мерос боис айрим яқин қариндошлар бир-бирига тан жароҳати етказиб судлашишгача бораётгани маълум.

           Масалан, марҳум фуқаро К. вафотига қадар кичик ўғли билан бирга яшаган. Кенжаси уни ётоқда беморлиги чоғида қараган, саломатлигига қайғурган. Марҳум фуқаро К. фарзандларининг барчасига ўзи яшаётган уй-жой кенжа ўғлига қолишини бир неча бор оғзаки васият қилган бўлсада, нотариус орқали ҳужжатлаштирмаган. Фуқаро К. нинг ўлимидан сўнг унинг фарзандлари ушбу уй-жойга даъво қилиб, мерос талашди. Мазкур мерос иши бўйича барча нотариал ҳаракатлар қонун доирасида расмийлаштирилиб, меросхўрларга тенг улушларда мулк бўлинди.

         Одамийлик нуқтаи назаридан олиб қараганда, кенжа ўғил 8 йил ётоқда касал ётган онани доимий даволаб, бутун эътибори ва маблағини сарфлаган. Қолаверса, халқимизда ота-она уй-жойи улар оламдан ўтгандан сўнг доимо кенжа фарзандга қолиши қадриятга айланган бўлсада, мазкур ҳолатда кенжа ўғил барча қатори тенг улушга эга бўлди. Боиси, мулкнинг кенжа фарзандга қолиши бўйича ҳуқуқий асос, яъни нотариал тасдиқланган васиятнома йўқ. Шу ўринда фуқароларга шундай ҳуқуқий маслаҳат, тавсия берган бўлардим. Агар инсон ўзидан кейин фарзандларининг тотув-иноқ яшашини истаса, албатта мулкини васият қилиб қолдириши шарт. Васиятнома қандай ҳужжат эканлигини кўпчилик билади. Шундай бўлсада, яна кичик эслатмаларни қолдиришни лозим топдим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексига асосан васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди. Васиятнома ёзилган жойи, санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида қайд этади.

Энг асосийси, васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим, унда васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Яна шуни айтиш керакки, васият қилувчи ҳоҳлаган вақтда васиятномани ўзгартириши ёки бекор қилиши мумкин. Васиятнома мулк эгасининг вафотидан сўнг қонуний кучга киради.

Шахло Давлатова

Навоий шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.