Конверт ичига пул ва хат қўйиб, рози-ризолик сўради

Туркиянинг Токат вилоятига қарашли Никсар шаҳрида бир киши маҳалланинг баққоли Ҳаяти Акинжига болалигида дўконидан рухсатсиз олган нарсалари учун узр сўраб бир конверт ичига хат ва 500 лира қўйиб, рози-ризочилик сўради.

            Уч боланинг отаси бўлган Акинжи эрталаб дўконини очгани келганида эшикка қистирилган конвертни кўради. Ичидаги хатда эса шу сўзлар ёзилган эди “Болалигимда ўртоқларимнинг гапига кириб бир неча бора дўконингиздан рухсатсиз шоколад ва бисквит олгандим. Ҳаққингизни ҳалол деб рози бўлинг”.

            30 йилдан буён маҳаллада баққоллик қилаётган Ҳаяти Акинжи воқеага, “15 кун олдин эрталаб дўконимни очганимда эшикка бир конверт қистирилган экан. Ичига 500 лира пул ва хат солиб қўйишибди. Хатни ёзган болалигида дўконимдан рухсатсиз олган нарсалари учун узр сўраб, рози-ризочилик сўрабди. Истар-истамас тўлқинланиб кетдим. Ҳали ҳам бундай инсонларнинг борлигини кўрсатиш учунгина бу воқеани ижтимоий тармоқларда ёздим. Агар ҳоҳласам конвертни ташлаб кетган инсонни топишим мумкин. Лекин, бундай қилмайман, хавфсизлик камераларини ҳам текшириб ўтирмайман. Пулни эса сарфламайман, эҳтиёжи бўлган бирон инсонга топшираман”.