Мадуронинг катта кураши

Рождество байрамидан бир неча ҳафта олдин Венесуэла президенти Николас Мадуро коронавирус билан курашиш режалари тўғрисидаги оламшумул режани эълон қилди. Унинг вице-президенти Делси Родригез Москвадан Россиянинг Спутник V вакцинаси ҳақида яхши таъассуротлар билан қайтди.

          “Биз келгуси йилнинг биринчи чораги учун 10 миллиондан ортиқ вакциналарга буюртма бердик”, – деди Мадуро. “Бизнинг мақсадимиз январь, февраль, март, апрель ёки май ойларида камида 10 миллион вакцина олишдир.”

Ҳақиқат бироз бошқача эканлиги исботланди, чунки Мадуро ҳукумати ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳам эмлаш учун етарли дозаларни таъминлаш учун курашмоқда.

Пекин ёки Москванинг социалистик иттифоқчиларига вакцинани имтиёзли нархларда бераётгани ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Венесуэла рус дозаларидан 380 мингтасини (президент ваъдасининг атиги 3,8 фоизини) ва Хитойдан 500 мингта Синофарм вакцинасини олди.

Эмлаш ҳозиргача аҳолининг атиги 1 фоизини ташкил қилмоқда, бу Жанубий Америка мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичдир. Бундай ҳолда жамоавий иммунитетга эришиш учун 10 йилдан кўпроқ вақт керак бўлади.

“Ушбу қийин вазиятда на Россия ва на Хитой Мадуро хоҳлаган ёрдамни беришади, чунки улар учун бошқа муҳимроқ вазифалар бор”, – дейди Каракасдаги сиёсий таҳлилчи Димитрис Пантурус. “Шунингдек, Мадуронинг вакцина учун тўлашга пули йўқ. Бу Венесуэла учун ҳам, Мадуро учун ҳам катта муаммо. Мамлакат руслар учун иккинчи даражали аҳамият касб этмоқда.”

Мадуро ҳамма нарса унинг назоратида эканини айтмоқда. Ўтган ой унинг ҳукумати 11 миллиондан ортиқ вакцина учун 120 миллион доллар сарфлаганини маълум қилиб, кўпчиликни ажаблантирди.

Covax дастури Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг шериклари томонидан ташкил этилган бўлиб, у камбағал мамлакатларга Ковидни даволаш учун дори-дармонларни олишда ёрдам беради. Covax берган ёрдам мамлакат аҳолисининг 20 фоизини эмлаш учун етарли бўлиши керак.

Ҳукумат коронавируснинг 192 минг ҳолатини рўйхатдан ўтказди, 28 миллион аҳолидан 2065 ўлим статистикаси деярли ишончсиз. Бу 1 миллионга 74 ўлим деганидир. Бразилия ва Перуда эса бу кўрсаткич 1 миллионга 1800 дан ошади.

Ўтган йили Нью-Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч нодавлат ташкилоти Венесуэла Ковид статистикаси расмий рақамлари “мутлақо кулгили ва ишончсиз” эканлигини айтди. Вашингтон Университетининг тадқиқот маркази Соғлиқни сақлаш институти яқинда Венесуэлада ковид билан касалланган одамларнинг сонини расмий сондан олти баравар кўп деб баҳолади.