Миллий сиёсатга муносабат

«МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» демократик партияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси мажлисига чиқарган Давлат тили масаласи бўйича қилаётган ҳаракатларини кўпчилик диққат билан кузатиб бормоқда. Таклиф қилинган лойиҳани бошқа партия депутатлари тушунмаслигини ва миллий масалада етарлича билимга эга эмаслигини яққол кўрсатди. Бу аҳвол жамиятимизда жуда катта норозиликларга сабаб бўлди.

Албатта, сиёсий рақобат ва кураш талафотсиз бўлмайди. Лекин, фаҳм-фаросатли, илғор фикрли, халқнинг дардини англайдиган доно зиёлилар иложи борича кўзланган мақсадга талофатсиз эришиш йўлларини қидиради ва шахсиятларни эмас, ғояларни муҳокама қилиши ўринли бўлар эди.

Ўзбекистон Республикасида яшаётган миллионларча инсонларнинг орзу ва умидларини муҳокамага олиб чиққан, Ўзбекистонда миллий ўзликни асрашга ва инсонларни миллий юксалишга даъват қилаётган сиёсий партия раисининг таклифига қарши жўяли фикр билдириб, мулоҳаза, баҳс ва мунозара қилиш ўрнига, афсуски унинг шахсиятига нисбатан ҳақорат, туҳмат ва бўҳтонлардан иборат бўлган ҳар хил провокациялар авжига чиқарилмоқда.

Миллий масалага боғлиқ Давлат тили мавзуси ёлғиз Алишер Қодировнинг шахсий дунё қараши ва истакларига кўра Олий Мажлисга олиб чиқилмади-ку. Нега унга нисбатан бунча бемазагарчиликлар яратилмоқда.

Ўз миллатини дунёдан хабари бор ойдин инсонлар мажмуасига айлантирмоқ учун хизмат қилаётган Ватанпарвар ва Миллатпарвар йигит ва қизларимизнинг шахсиятига қарши «миллатпараст», «фашист», «ксенофоб» каби айбловларни олға сураётган унсурлар ким экани яққол кўриниб бошлади. Бундай вазиятда Ватан фидоийлари четда қараб туриши ноўрин экани кўпчилик йигит ва қизларимиз томонидан эътироф этилмоқда.

Аллоҳ насиб этса, Муборак Рамазон кунларидан сўнг дўстларимиз билан партияга аъзо бўлиш ниятида расмиятчилик ишларини бошлаймиз. Кўпчилик Ўзбекистонликлар «МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» демократик партиясининг аъзоси бўлишга истак билдиришмоқда. Халқчил, яъни оддий халқнинг юрагидаги орзуларини амалга оширишга бел боғлаган сиёсий ҳаракатни қўллаб-қувватлашга интилишимиз табиий ҳолат.

Аллоҳга беадад шукурки бизлар шу миллатнинг, шу элнинг ва шу давлатнинг фарзандларимиз. Ўзбекистоннинг асл йигит-қизлари, албатта Элим дейди. Ватан ва Миллат учун қайғуради ва фидокор бўлади. Бизнинг йигит ва қизларимизнинг саводига, илмига ёки ўз Ватанига бўлган садоқатига шубҳа қиладиганлар бўлса марҳамат чиқсин майдонга. Бировларга ўхшаб, аммамиз ёки катта холамизни орқасига беркиниш ниятимиз йўқ.

Ижтимоий, сиёсий, маданий ва илмий бахс мунозорага ҳамиша тайёр турган Ватандошларимиз етарлича. Бутун умр Ўзбекистоннинг нонини еган ва сувини ичган бўлсада, шу халқнинг тилида гапиришга қийналаман, деб ҳурматсизлик қиладиган нусхаларга жавобмимиз тайёр. Истаган тилида бахс олиб боришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган «МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» демократик партиясининг раиси жаноб Алишер Қодировнинг 4 май 2021 йил «ХАЛҚ СЎЗИ» газетасида чиққан мақоласида эълон қилинган фикр ва мулоҳазалари сал олдинроқ ўзининг ижтимоий тармоқлардаги Фейсбук саҳифасида ҳам эълон қилинган эди.

Жаноб А. Қодировнинг фикрларини тезисма тезис муҳокама қилиб изоҳлаш ниятим йўқ. Ҳамма фикрлари очиқ ва тушунарли шаклда ифода қилинган. Айнан шу мавзудаги барча фикрларига кўпчилик тарафдор бўлмоқда ва бу масалани ҳамфикр дўстларимиз орасида, деярли ҳар куни муҳокама қилмоқдамиз.

Раиснинг, «…ўша давр ва ўша давлат тарбиялаган коррупционерлар, лоқайдлар ва боқимандаларнинг ҳисобига Ўзбекистон қаддини кўтариши қийин бўлаяпди», деган иборалари кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб қилди. Чунки, йиллар давомида ойдин фикрли зиёли Ватандошларимиз айтиб тушунтира олмаётган масаласини сиёсий ирода билан ифода қила олди десак сўзимиз муболаға бўлмас, деб ўйлайман.

Коррупция мавзуси, кўп йиллардан бери Ватандошларимизни ҳавотирга солиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунёнинг барча давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коррупция бор ва бу аҳвол давлат бошқарув тизимининг қон-қонига сингиб кетган касаллик эканини инкор қила олмаймиз.

Коррупция – бу жамиятни вайрон қиладиган уюшган жиноий фаолиятдир. Худди вабо ва ўлат касалликлари каби юқумлидир. Инсонлар орасида тарқалиб, авжига чиқиб ўрчийдиган ҳусусиятга эга ва сурункали тусга кириб, инсонларнинг оммавий шаклда коррупция билан касалланиш ҳолатларини ҳам юзага чиқариши мумкин.

Коррупция касаллигига чалинганлар эгаллайдиган макон ва муҳит, асосан давлат тизими билан боғлиқ ташкилот ва муассасалардир. Ўз шахсий манфаатлари йўлида коррупционерлар талон-тарож қиладиган ёки фойдаланишни орзу қиладиган асосий манба эса – халққа тегишли бўлган ер усти ва ер ости бойликлардир. Айнан мана шу касаллик оқибатида, кўпчилик ўзбекистонликларнинг келажак ҳаётга бўлган ишончи йўқолмоқда ва ўз Ватанини ташлаб, бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлмоқда.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимида ишлайдиган амалдорларга нисбатан оддий халқнинг ишончини йўқ қилаётган асосий сабаб ҳам коррупция эканлиги – бугунги кунимизнинг аччиқ ҳақиқатларидан биридир.

«МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ» демократик партиясининг раиси Жаноб Алишер Қодиров, нега айнан ўтмишдаги совет даврида тарбияланган коррупционерлар, лоқайдлар ва боқимандаларнинг ҳисобига Ўзбекистон қаддини кўтариши қийин бўлаяпди, деган иборани қўлланиб оммага ўз фикрини баён қилди, деган савол ўртага чиқиши аниқ. Бу саволнинг жавоби ҳам аниқ.

Совет даврида яшаган инсонларга маълум бўлган таниш билишчилик, қариндош-уруғчилик, порахўрлик каби усулларни қўлланиб, юқори лавозим курсисига ўтириб олган нусхаларнинг келиб чиқишига назар ташлайдиган бўлсак, партия лидери бекорга бу муаммога диққат қаратмаганлигини англагандек бўламиз.

Советпарастлиги билан эски совет давридан бери Ўзбекистонда танилган сулолаларнинг бир нечта вакиллари коррупция касаллигига чалиниш эҳтимоли юқори бўлган тоифа, тўғрироғи коррупцияга мойиллиги бор нусхалар йиғиндиси эканлигига ишонилади. Уларнинг кўпчилиги мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимидаги муассасаларни худди отасидан қолган пуллик «ҳожатхона» эгасидек ўзини тутиши халқнинг кўз ўнгида жуда кулгули кўринсада, аслида жамиятни ичидан кемирувчи аҳволдир. Тўғрироғи, эгаллаб олган ёғли жойларига ўзларига тегишли бўлган одамлардан ташқари, деярли ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган ҳусусиятга эга уюшган жиноий гуруҳларнинг корчалонларидир. Ушбу тоифа нусхалари, азалдан ўзбекларга қарши иш олиб борувчи тоифа эканлигидан кўпчиликнинг хабари бор.

Мустамлакачиларга хизмат қилувчи тоифа эканлиги билан фахрланиши озлик қилгандек, мустабит совет тизими даврида ҳам ўз миллатидан чиққан ўқимишли ва саводли зиёлиларни расво қилиб, совет тузуми гуллаб яшнаши учун жанбозлик кўрсатиб, ҳам миллий ўзликни, ҳам миллий давлатчиликнинг асоси бўлмиш ўзбек тилини йўқотиш билан овора бўлган кимсалар, ҳозирги кунда ҳам кўпайиб бораётгани ҳавотирли воқеликдир.

Тунов куни (тарих учун 30-40 йил, худди уч-тўрт кундек) яйраб, советникини мақтаб, Москвадан келганлар олдида икки букилиб, энгашиб, маддоҳлик килган совет мафкурачиларининг ўзбекона комсомолчалари ва коммунистча фасондаги ўзбек оқсоқолларнинг давомчилари, ҳозирги кунда мустақил бўлган Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимига бемалол, худди аммасини уйига киргандек суқилиб кириб, бемаза ҳатти-ҳаракатлари билан ўзларини ошкор қилмоқда.

Совет даврида, ота-бобоси ҳам коррупция касаллигига чалинган, қонида наслдан наслга ўтувчи коррупция касаллигининг вируслари мавжуд бўлган баъзи бир нусхаларнинг ҳаракатларига эътибор бериладиган бўлса, ўзлари эгаллаб турган лавозимдан фойдаланиб, давлат бюджетини қариндош-уруғи ва таниш билишлари билан бирга еб-ичадиган шахсий қозонидек, давлат мулкини эса худди катта холасидан қолган меросдек тасаввур қилаётганлиги юзага чиқаяпти.

Ўзбекистоннинг оддий халқи яшаётган ҳаёт тарзидан ва кундаликли турмушидан умуман бехабар одам эканлиги етмагандек, сийқаси чиққан эски советча усулдаги бошкарув тарзи билан ҳам мамлакатдаги ижтимоий – сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатаман деб бесунақай жомбозлик кўрсатаётган коррупция касаллигига чалинганлар ўзларига нисбатан халқнинг ғазабини орттиришдан бошқа қўлидан ҳеч нарса келмаяпти.

Советпараст ота-онасига кўрсатган хархаша қилиқлари-ю эркаликлари билан танилган оғзи қийшиқ бўлсада, эски касал коммунистларнинг болалари давлат бюджетидан халқнинг пулини эплаб ўғирлашнинг уддасидан чиқа олмаса, қамалиб кетмоқда. Қайтар дунё. Ўша эски совет тузуми даврида отаси, бобоси ёки катта холаси ҳам бировни боласини бир тийин камомад чиққани учун қаматган бўлиши мумкин. (Совет даврида 1 тийин “растрата” қилганликда айбланиб, қамалганлар бўлган).

Коррупция касаллигига мубтало бўлган нусхаларнинг кўпчилиги советпараст бўлгани етмагандек, улар учун Ўзбекистон шунчаки пул топадиган юрт, халқи эса «баранлар» деб камситилаётганини билиш ва кўриш, ҳозирги замонда унчалик қийин бўлмаган аҳволга айланиб бўлди. Олдинги советпарастликни ҳозирги кунда ўриспарастлик билан алмаштирган ёки иккала тушунчани ўрис миллати сиймосида гавдалантираётган нусхалар маҳаллий халққа нисбатан саводсиз, дунёдан хабари йўқ оломон сифатида қарайди. Буни билмасликнинг, кўрмасликнинг иложи йўқ. Ижтимоий тармоқларда, ўзбекларга қарши баралла айтилаётган ҳақоратлар сўзимизнинг далилидир.

Ўзининг ва оиласининг тақдирини, болаларининг келажагини Ўзбекистон халқининг келажаги билан бирга кўрмайдиганлар Ўзбекистон давлатининг тақдири билан боғламайди. Агар иложини топса, йиққан ҳаром пуллари билан жуфтакни ростлаб, Ватандан қочиш ишлари билан овора бўлиб юрганлар – буюк тарих ва буюк маданият соҳиби бўлган ўзбек халқини бошқаришга маънан ҳаққи йўқлиги пасткаш қилиқларидан халқимизга маълум бўлиб қолганига ҳам анча бўлган.

Халқнинг ризқини ўғирлаганларнинг кўпчилигининг энг асосий нияти, иложи борича Ўзбекистон халқининг мулкини талон тарож қилиб, капитал йиғиб олгандан сўнг бошқа давлатга кетиб яшашдан иборатдир. Бунга жуда кўп мисоллар мавжуд.

Ўзининг ҳатти-ҳаракатлари билан маҳаллий аҳоли орасида эски тузумни қумсаш кайфиятларини тарғиб қилаётганидан ҳам, шу қилиғи билан совет даврига нисбатан ҳам, ўзига қарши ҳам одамларнинг нафратини қайта баттар авжига чиқариб турганига фаҳму фаросати ҳам етмайдиган ёки атайлаб шундай вазиятни яратишни истаётганлар борлиги ошкор бўлмоқда. Халқдан уялиш туйғуси йўқолган инсон коррупция касаллигига тез чалинадиган пациентларнинг энг асосий контингентини ташкил қилади.

Масаланинг қизиқ томони шундаки, халқнинг бойлигини ўғирлаб ётганлар қилмишларию, кирдикорлари халққа кўриниб қолишидан жуда қўрқадиган тоифа ҳисобланади ва ўзларини худди ёруғликдан қочадиган жониворлардек ҳис қилишади. Уларга ҳам қоронғулик жуда муҳим ва зарур. Балки шунинг учун ҳам маҳаллий халқнинг онги ва тушунчалари илғор бўлиб кетмаслиги учун қарши чиқиб, жон-жаҳди билан ҳаракат қилишаётгандир.

Худди ёруғликни хушламайдиган қоронғудаги каламушлар ва сувараклардек нусхалар сингари улар ҳам айнан зиёга қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Очиқ сўз, эркин фикр ва эркин матбуотни ёқтирмаслигининг сабаблари ҳам ҳозирги кунларда ойдинлашмоқда. Эркин матбуот ўз вазифасини бажармаётгани учун «оддий халқ билмайди, билган билан оддий халқ нима қила олар эди», деган тушунчалар жамиятда кўпайган сари коррупция авжига чиқаверади. Чунки, ўғрини тўхтатадиган ва уни инсофга чақира оладиган куч қудрат эгаси бўлиши керак бўлган инсонларда миллий ғурур, миллий орият, миллий фахр, дину диёнат каби фазилатлари бор. Инсонларнинг ойдин фикрли, зиёли бўлишларига нега айнан коррупционерлар қаршилик кўрсатишларининг асл сабаби ҳам, балки шундадир. Чунки, ойдинликка чорловчи зиёли одамларни ёқтирмайди, айби очилиб кетишидан қўрқишади. Доно халқимиз бекорга «Ошинг ҳалол бўлса кўчада егин» демаган экан.

Давлат идорасида ишлайдиган, кўнглида миллий орияти ва уяти бўлмаган одам давлат Қонунлари ишламаслигига кўзи етгандан сўнг коррупцияга аралаша бошлайди. Аксинча, айнан Қонун ижроси оммавий тус олганда эса коррупция, деярли камайиб бошлагани кузатилади.

Қонун ишламаса, халқ ўзи билан ўзи овора оломонга айланса ўғриларга мазза. Балки, шунинг учун ҳам, дунёнинг кўпчилик давлатларида, энг аввало давлат Қонунлари ижро қилинмайдиган ҳамда давлат бошқарув тизимида адолат мезони ишламайдиган аҳволни сунъий яратаётган шахслар аниқланиши ва жазоланиши энг устувор ҳаракатга айланаётгандир.

Мавзуга доир аввалги мақолаларимиз:

  1. Истибдод – Истеҳзо – Изтироб

2. Замон сенга боқмаса, сен замонага боқ

Шуҳрат БАРЛАС Саламов,
тарихчи, журналист