Мусулмон бўлдим, пушаймон бўлмадим

Аҳолисининг  80% ҳиндуийликка эътиқод қилган Непал танлаган дини туфайли инсонлар азият чекадиган, адолатсизлик қурбонига айланадиган давлатлардан биридир. Хитой ва Ҳиндистоннинг қоқ ўртасида жойлашган бу қироллик шарқий динларнинг марказидир.Буддизмнинг ҳам бу минтақада вужудга келганини ҳисобга олсак, бу ердаги устун динларнинг ҳиндуийлик ва буддизм эканлигини, аҳолининг кучли қатламини эса ҳиндлар ташкил этганини тахмин қилиш осондир. Непалда мусулмонлар бир миллиондан кўпроқлар ва улар ўз диний эътиқодлари туфайли мунтазам равишда ҳақсизлик қурбонига айланиб бормоқдалар. Эски динидан воз кечиб, исломни танлаган инсонлар оилалари томонидан уйдан қувилмоқда, иш-ўқиш ерларида таҳқирланмоқда, ишидан ва обрўйидан айрилмоқда.

           Ҳозирда Непалда янги конституция лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда ва мусулмонлар ҳам ўз ҳақларини ҳимоя қилиш учун ҳукумат билан музокаралар олиб бормоқдалар.

           4 йил аввал Қуръони Карим қиролликнинг расмий тили-непалига таржима қилинди. Ўша кундан бошлаб кўплаб ҳиндлар муқаддас китобимизни ўқиб мусулмон бўлдилар. Илк йилари ҳукумат маҳаллий инсонларнинг исломни қабул қилишларига рухсат бермасада, ҳозирда бироз юмшоқроқ сиёсат олиб бормоқда.

         Уларга ҳафтасига 15 дақиқа маҳаллий телевидениеда чиқиш қилиб, ўз динлари ҳақида сўзлаб беришга рухсат ҳам берилди.

        Туркия Инсоний Ёрдам Фонди Непалдаги мусулмонларга қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Қиролликда бу ташкилотнинг аъзолари фаолият кўрсатмоқдалар.Биратнагар шаҳрида бошланғич мактаб ва масжид очган фонд етимхона қуришни ҳам бошлади. Шу тариқа мусулмон бўлганлиги учун ҳинд мактабларига олинмаган ва жиддий маънода таълим соҳасида муаммоларга дуч келган болакайлар ҳам замонавий фанларни ўрганяпти, ҳам мадраса таълимидан баҳраманд бўляпти.

       Исломни танлаганлиги учун уйсиз қолган Непалликлар, Human Development Academy (HUDA) томонидан пойтахт Катмандуда қурилган инсонпарварлик марказига келмоқдалар. Шу кунгача бу марказ мингга яқин инсонга ёрдам кўрсатди.

        Янги мусулмонлар марказда фиқҳ, ҳадис, суннат ва Қуръони Каримдан дарс оладилар. Оилалари кўчага ҳайдаган инсонлар учун бу ерда ҳунармандлик курслари ҳам очилган.

         HUDAнинг Катманду шуъбаси мудири жаноб Ирфон ўзининг ҳидоятга келиш ҳикоясини сўзлаб беради. 5 йил аввал ҳинд каста тизимининг энг олий табақаси-брахманларга мансуб бўлган бу инсон исломни танлайди ва оиласи ундан юз ўгиради. Бошидан анча қийинчиликларни кечирган жаноб Ирфон икки йилдан бери мудир сифатида марказга келган инсонларга имкон доирасида ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

          Ирфон Непалдаги мусулмонларнинг бошига келган мусибатларни ҳам айтиб берди: ‘Бу ерга шунчалик кўп янги мусулмонлар келмоқдаки, ортиқ бизга янги, кенгроқ жой керак. Бизлар қора танлимиз, қора танлилар учун ҳаёт шундоқ ҳам оғирдир. Энди эса ҳам қора танли, ҳам исломга ўтган инсоннинг аҳволини тасаввур қилинг. Масалан, ўз динидан кўнгли тўлмаган ҳинд бир аёл яширинча мусулмон бўлади, аммо буни турмуш ўртоғидан саккиз йил давомида сир тутади. Охир-оқибат буни билиб қолган эри уни ўлгудек дўппослаб кўчага ташлаб кетади. Аммо бу аёл бир марта ҳам шикоят қилмади, исломни танлагани учун пушаймон бўлмади. Непалда бундай воқеалар тез-тез учраб туради.

        HUDAнинг ўқув курсларида таҳсил олган янги мусулмонлар аста-секин янги иш ва янги уй топиб, ҳаётларини йўлга қўйишга ҳаракат қиляптилар. Бу борада улар бир-бирларига қўлдан келганча ёрдам берадилар. Баъзилари ҳаттоки оилаларини исломга даъват қила олди, лекин кўпчилигидан оила ва дўстлари буткул юз ўгиргандир.

        Эски исми Субита, янги исломий исми Сумайя бўлган қиз ҳам 3 йил олдин исломни танлади. У аслида бир мусулмон йигит билан турмуш қурмоқчи бўлади, фақат оиласи қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бунга қарамасдан оила қурган Сумайя ўз ҳоҳиши билан мусулмон бўлади, лекин илк бошларда ислом ҳақида ҳеч бир маълумоти бўлмаганини тан олади. Секин-аста исломий билимга эга бўлган Сумайя ҳатто ўз синглисининг ҳам унинг таъсирида 6 ойдан кейин мусулмон бўлганини ҳикоя қилади.

         ‘Исломий ҳаётга қандай мослашишни ҳозирда яхшироқ биламан,’ деб ўз ҳикоясини бошлаган Парвин, ислом билан қишлоғидаги дўстлари орқали танишибди. Мусулмон оилаларнинг ҳаёт тарзидан қаттиқ таъсирланган Парвин 25 ёшида. Оиласи унинг қарорини эшитгач, уйдан қувиб юборади. Парвин агар яна ҳиндуийликка қайтса,              оиласининг уни кечиришини, аммо асло бундай қилмаслигини айтади. У ўзини ҳимояланган ва хотиржам ҳис қилишини, ислом туфайли бахтли эканлигини таъкидлаб ўтди.

          “Исмим Ҳафса, 17 ёшдаман. Исломни инсонларни севиш ва ҳимоялашга чақиришидан жуда таъсирландим. Алҳамдулиллоҳ, 1 йил олдин мусулмон бўлдим. Исломдан аввал эса ҳеч бир динни қабул қилмаётгандим. Черковга, ҳинд ибодатхонасига, қаерга бўлса ҳам кетаверардим. Оилам ҳам ҳиндуийликка эътиқод қилади. Мусулмон бўлганимни билиб қолишгач, улар ҳам, дўстларим ва ўқитувчиларим ҳам қаттиқ таажжубландилар. Мактабга ҳижоб ўраб борганимда дарсга қўйишмади. Непал мусулмон давлат эмас, бунга асло рухсат беролмаймиз дейишди. Мен эса, ислом менинг диним, қаршилик кўрсатишга ҳаққингиз йўқ деб туриб олдим. Охир-оқибат рухсат беришга мажбур бўлдилар..”

           Яна бир ёш қиз-Гулсум эса мусулмон бўлганини оиласидан сир сақлаганини, рамазон ойида уйда овқат емагач, сири ўртага чиққанини айтади. Улар қизга 1 ой муҳлат бериб, қарорини ўзгартиришини, йўқса уйдан қувилишини айтиб огоҳлантиришибди. Гулсум ҳам ислом марказидан бошпана топганини, қароридан асло воз кечмаслигини сўзлайди. Уни хафа қилган яна бир нарса, оиласи унга агар христиан ёки яҳудий бўлса ҳам уни қайтадан қабул қилишларини, фақат мусулмонга ораларидан жой йўқлигини айтишлари бўлди.

            Бошига келган шунча мусибатларга қарамай, исломдан воз кечмаган ва мусулмон эканлигидан шукрона ва бахт, хотиржамлик ҳис қилган Непалдаги бу инсонлардан ҳар қанчалик ибрат олсак арзийди.