Навальныйни даволаган собиқ бош шифокор изсиз ғойиб бўлди

Кремлнинг қамоқдаги танқидчиси Алексей Навальный ўтган ёзда заҳарланганидан сўнг даволанган Сибир касалхонасининг собиқ бош шифокори “йўқолиб қолди”, дея хабар бермоқда Россия давлат ОАВлари.

Мураховский Навальный Сибирдан Москвага йўл олган самолётда “бетоб бўлиб қолганида” даволаниш учун ётқизилган Омскдаги 1-сонли шошилинч тиббий ёрдам касалхонасида бош врач бўлиб ишлаган. Навальный 20 август куни касалхонанинг ўткир заҳарланиш бўлимига ётқизилган. Самолёт Омскда фавқулодда қўнишга мажбур бўлган эди.

Омск маҳаллий полициясининг ТАССга берган баёнотида, Мураховский шанба куни ўрмондаги ов базасидан йўлтанламас транспорт воситасида йўлган чиққанидан кейин бедарак йўқолган ва ҳозиргача уни ҳеч ким кўрмаган. “Қидирув ишлари мураккаб рельеф, сув ва ботқоқлик ҳудудларида олиб борилаётгани учун сезиларли даражада мураккаблашмоқда”, – дея қўшимча қилинган баёнотда. Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, йўқолган йўлтанламас транспорт воситаси ов базасидан 6,5 км узоқликдан топилган. Қидирув ишларига вертолёт ва дронлар ҳам жалб қилинган. Қидирув ишлари давом этмоқда.

Мураховский 2020 йил ноябрь ойида Омск вилоят соғлиқни сақлаш бошлиғи лавозимига кўтарилганда, Навальный ижтимоий тармоқларда бу воқеликка қуйидагича муносабат билдирган эди: “Ёлғонингиз, сохта тест натижаларингиз ва ҳар қандай йўл билан хўжайинларингизни хурсанд қилишга тайёрлигингиз учун сиз албатта мукофот оласиз ва юқори лавозимга тайинланасиз”.

2021 йил февралда Навальный даволанган касалхона бош шифокорининг ўринбосари Сергей Максимишин ҳам 55 ёшида “тўсатдан” вафот этди. Касалхона бош шифокорининг анестезиология ва реанимация бўйича ўринбосари сифатида у шифохонадаги энг қимматли ходимлардан бири эди.

Навальный штабининг раҳбари Леонид Волков ўша пайтда Махимишин ҳам Омскдаги касалхонада мухолифат етакчисини даволашга масъул бўлганини тасдиқлади.

Касалхонада ишлаган яна бир энг яхши шифокорлардан бири Рустам Агишев ҳам шу йилнинг март ойида вафот этди. Касалхона томонидан берилган хулосага кўра, 63 ёшли Агишев ўтган йилнинг декабрь ойида инфарктни бошидан кечирган ва касалликдан тузалмаган. Агишевнинг Навальныйнинг даволанишига алоқаси бор ёки йўқлиги номаълум.