Ўзбекларни ўз юртида ривожланиши ҳақида гапиришдан табиийроқ нима бўлиши мумкин?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мустамлакачи давлат собиқ СССР байроғининг пойтахтда оммавий тадбир вақтида кўтарилишига нисбатан билдирган фикрлари советпараст ва русийзабон шахслар томонидан кескин қабул қилинганлигигадан хавотирлангани ва бу сабабларига яна бир бор тўхталиб ўтди.

“Сўнгги ҳафта жуда кескин ўтди. Мавзуларни яхши биласиз, такрорламайман.

Лекин бир муаммо кўриниб қолаяпти – Ўзбекистонда ўзбекофобия бордек. Ижтимоий тармоқларда рус ва рус тилида ёзувчилардаги бетоқатлик, юқоридан қараш ва нафрат мени хавотирга солмоқда.

Биз барча бошқа миллатли ватандошларимизни ҳурмат қиламиз. Қанчалар кўп миллатли бўлмайлик мамлакатимизнинг номи Ўзбекистон ва бу ерда ўзбеклар ҳам кўпчиликда (!) яшайдилар. Бошқа миллатли ватандошларнинг ҳуқуқлари Конституциядан бошлаб, алоқадор барча қонунларда ҳимоя қилинган. Лекин нега улар ўзбеклар ва ўзбек қадриятлари ҳақида гапирилса аюҳаннос соладилар? Ўзбекларни ўз юртида ривожланиши ҳақида гапиришдан табиийроқ нима бўлиши мумкин? Нега бу миллатчилик, бошқа миллатларни камситиш деб баҳоланмоқда!?

Тарихни ҳеч ким рад этмайди, этолмайди ҳам. Биз мустамлака юрт бўлганмиз. Зиёлиларимизни шу тизим қирғин қилди, оқкўнгил аждодларимизни дарбадар қилди. Ўзимизнинг пулга ўзимизни манқуртлаштирди. Лекин фақат бизми? Совет қамоқхонаси фақат ўзбеклардан иборат бўлмаган, унда юзлаб миллатлар қаторида руслар ҳам асир бўлганлар. Нега СССРга ҳурматсизлик Россияга ёки рус миллатига ҳурматсизлик деб талқин қилинмоқда? Россия Федерацияси бизни табиий ҳамкоримиз ва биз у билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.

Оталаримизни иккинчи жаҳон урушда иштирок этганлиги тарихий факт. Биз дунё халқлари қаторида фашизмга қарши курашган халқмиз. Бу ғалабада сўзсиз бизни катта ҳиссамиз бор. Лекин ҳеч қачон фронтда жон бераётган оталаримиз кўз ўнгидан Кремл ёки Сталин гавдаланмаган. Сўнгги дақиқаларида онаси, оиласи ва она Ватани бўлган Ўзбекистонни ўйлаганлигига асло шубҳа йўқ. Бу ерда сўз ўйинига ҳеч қандай ўрин йўқ. Буюк Ўзбек халқи фашизмни енгишда қаҳрамонлик кўрсатган. Биз уларни доимо улуғлаймиз.

Албатта мен ҳам шу давлатда яшаганман. Лекин, эътиқодим, тилим, тарихим, миллатим таҳқирланиб яшаганман. Қамоқхонада ҳам овқат беришади, кейинтиришади, ўқитишади. Қул ҳам соғлом ва саводли бўлиши керак. Фарзандларимизни шундай камситилмаслиги учун, уларни эмин-эркин, ўз қадриятларига таяниб, ўз юртида яшашларини таъминлаш учун ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак.

Муаммоларни рўкач қилиб оғзимизга ураётганларга, ўша давр ва ўша давлат тарбиялаган коррупционерлар, лоқайдлар ва боқимандаларнинг ҳисобига Ўзбекистон қаддини кўтариши қийин бўлаяпди. Шунинг учун олдимиздаги энг устувор масала қуллик ва боқимандалик психологиясидан қутилган авлодни шакллантиришдан иборат бўлиши керак.

Буни фақат биргаликда қилишимиз мумкин. Тушунганлар жараёнда иштирок этсин, тушунишни истамаётганлар ҳам тушунмасликка ҳақлилар. Лекин, фикр билдиришда провокация, ҳақорат, туҳмат ва бўҳтонлардан тийилиш керак.

Мендан фашист ясаманг! Мен ўзбек ҳалқини қаддини ростлашини хоҳлайман, холос. Биронта бошқа миллатли ватандошлар ҳуқуқини бузадиган иш қилаётган бўлсам, марҳамат, кўрсатинг, муҳокамаларга доимо очиқман. Адолат ва тўғри сўз олдида бўйним сочнинг толасидек.

Ниятимиз холис, мақсадларимиз эзгу.

Ўзбекистонни қадрлайдиганлар доимо қадрлидир. Ўзбекистонга хиёнат қиладиганларнинг эса миллати қизиқмас, қонун ҳам жамият ҳам бундайларга муросасиз ва бешафқат бўлиши керак.

Миллатимиздан қатъий назар, ҳаммамиз Ўзбекистон учун – Ўзбекистон байроғи остида бирлашишимиз керак.”