Питон шифт орасидан топилди

Япониянинг Йокохама шаҳрида икки ҳафтадан буён кўчаларда қидирилган питон илони эгасининг уйини шифти орасидан топилди.

Кйодо ААнинг хабар беришича, 6-май куни шаҳар полициясига пойтахт Токиога яқин бўлган порт шаҳар Йокохамадаги бир уйда боқилган питоннинг қафасдан чиқиб қочиб кетганлиги хабар қилинади.

Полиция, ўт ўчирувчилар ва судралиб юрувчилар бўйича мутахассислардан иборат бўлган махсус гуруҳ питонни шаҳар кўчаларида икки ҳафтадан кўпроқ  қидирди.

Илонни топиш учун йўл четларига ем қўйилди, фиберскоп сканерлар ва ҳарорат сезувчи махсус жиҳозлар ҳам ишлатилди.

Ниҳоят, серпентологларнинг тавсиясига биноан ўзи яшаган уйнинг шифтини обдон кўздан кечирган полициячилар уни шифт орасидан топиб олдилар.

Илоннинг топилишидан кўнгли жойига тушган эгаси, қўшнилардан узр сўради. У энди питонни боқмаслигини ва шаҳар расмийларига топширишини айтди.