Пхенян Вашингтон билан музокаралардан бош тортди

Пхенян Вашингтон дипломатияни тажовузкор ниятларини яширган ҳолда “ёлғон байроқ” сифатида ишлатишда айблади ва АҚШ билан музокаралардан бош тортишини таъкидлади.

Расмий ахборот агентлиги томонидан берилган баёнотда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги “Дипломатия Қўшма Штатлар учун ўзининг тажовузкор ҳаракатларини яширишга қаратилган “ёлғон байроқ”ни ифодалайди”, дейди.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида АҚШ президенти Жо Байден Пхенянга нисбатан эскирганпозицияни қабул қилиб, катта хато қилганлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Байден ўтган чоршанба куни Конгрессда қилган нутқида, Пхеняннинг ядровий амбицияларини жиловлаш учун қаттиққўллик билан параллел равишда дипломатиядан фойдаланишини айтди.

Вашингтон ва Пхенян ўртасидаги музокаралар АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг Ханойда 2019 йил февраль ойида бўлиб ўтган иккинчи учрашуви муваффақиятсизликка учраганидан кейин тўхтаб қолган.

Жума куни АҚШ президентининг матбуот котиби Жейн Псаки журналистларга “Бизнинг мақсадимиз Корея ярим оролини тўлиқ ядросизлантириш бўлиб қолмоқда”, деди.