ҚОНУНИЙ АЖРАШМАЙ ТУРИБ, ТУРМУШГА ЧИҚДИМ оқибатда болам гувоҳномасиз қолди

— Мен 2021 йил март ойида фарзандли бўлдим. Аммо фарзандимнинг туғилганлиги қайд этилмади. Сабаби мен биринчи турмуш ўртоғим билан қонуний никоҳим бекор қилинмай туриб, шаърий никоҳ асосида иккинчи бор турмушга чиқдим ва фарзанд кўрдим. Боламга гувоҳнома расмийлаштиришда қонуний ажрашмаганим боис, собиқ турмуш ўртоғимнинг боланинг биологик отаси эмаслиги ҳақидаги ёзма розилиги керак экан. У эса розилик бермаяпти. Қандай йўл тутсам тўғри бўлади?

Саволга ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Фарангис Набераева жавоб берди.

— Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 51-бандида оталикни белгилаш тўғрисидаги аризага никоҳда турган эрнинг у билан қонуний никоҳда бўлган онадан туғилган болага нисбатан оталикни белгилашга ёки боланинг туғилишини ёлғиз она аризаси асосида қайд этилишига нотариал тасдиқланган розилиги илова қилиниши ёки у ФҲДЁ бўлимига келиб бунга ёзма равишда ўз розилигини билдириши ҳамда бундай розилик ФҲДЁ бўлими раҳбари томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Бу ҳолатда сиз ҳудудингиздаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишингиз керак. Шундан сўнг, бўлим ходимлари қонуний никоҳда бўлган турмуш ўртоғингизга мазкур масалада қонун доирасида тушунтириш бериб, масалани ижобий ҳал қилиш чораларини кўришади. Агар қонуний никоҳдаги шахс  розилик бермаса ва бу вазиятда боланинг келажаги учун салбий таъсир қилиш эҳтимоли аниқланса сиз қонуний никоҳда бўлган турмуш ўртоғингиз номига фарзандингизнинг  туғилганлигини расмийлаштиришингиз мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари”нинг 16, 21-бандларига асосан боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, барча ҳолларда боланинг насл-насаби хусусидаги низолар суд тартибида ҳал қилиниши белгиланган.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати