Қуддуснинг ишғол қилиниш тарихи

Ҳозирги кунда Шайх Жарроҳ маҳалласида ва “Масжидул Ақсо”да фаластинликлар ва мусулмонларнинг энг муқаддас қадамжоларига уюштирилган ҳужумлар 19 асрдан бери босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган режа ўз интиҳосига етаётганидан далолат бермоқда.

Шайҳ Жарроҳ воқеаси – Қуддусда қолган мусулмонларнинг бутунлай кўчирилиши ва Рамазон ойида Масжид ул Ақсога қилинган ҳужум Исломнинг муқаддас қадамжоларини йўқ қилиш ва унинг ўрнига яҳудийларнинг ибодатхонасини қуриш демакдир. Чунки иккала жой ҳам рамзий аҳамиятга эга. “Шайҳ Жарроҳ” ўз номини Қуддус фаттоҳи Салоҳиддин Айюбийнинг табиби Ҳусомиддин Жарроҳий 12 асрда қурдирган турар жой ва мақбара номидан олинган. Ушбу қабристонда 19 асрдан бери Қуддус ва Фаластинда ҳукмронлик қилган ҳусайни ва нашошибий каби обрўли оилалар вакиллари дафн этилган. Ушбу оилалар рамзий маънода Қуддуснинг демографик жиҳатдан шаклланишида энг муҳим омиллардан биридир. Шунинг учун бу жойдан мусулмонларни бутунлай чиқариб ташлаш Қуддусни бутунлай яҳудийлар маконига айлантириш учун босиладиган муҳим қадамдир.

Масжид ул Ақсо мусулмонларнинг биринчи қибласи ва шу билан бирга Қуддус фатҳининг рамзидир. Исроил ўзининг пойтахтига айлантирган Қуддусни яҳудийлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасида ушбу энг муҳим тимсолни йўқ қилиш ва унинг ўрнига ибодатхона қуришга қарор қилди. Ҳар доимгидек, Исроил томони у босган қадамларга бўладиган реакцияларни кузатиб турибди. Албатта, масаланинг ўзига ҳос ички сиёсий сабаблари ҳам мавжуд.

Эҳтимол, икки юз йил давомида Фаластин ва Қуддусни аста-секин йўқ қилишнинг сўнгги одимлари Исроил томонидан қўйилмоқда. Демография масаласи 19 аср давомида ҳал қилинди, энди ҳудди шу ифлос ўйин Қуддусда ўйналмоқда.

Ўрта асрларда ва ҳатто 19 асргача Қуддус аҳолиси 10 минг киши атрофида эди. 19 асрнинг биринчи ярмида аҳолиси 11 минг атрофида бўлган Қуддусда 6 минг мусулмон, 3500 ҳристиан ва 1800 яҳудий яшарди. Аммо 20 асрнинг бошларида яҳудийлар иммиграция туфайли демографик устунликка эга эришдилар. Энди Қуддус аҳолиси 10 минг мусулмон ва 10 минг насроний ва 30 минг яҳудийга етди. Ислом дунёси 20 аср бошларида демографик жиҳатдан шаҳарни қўлдан бой берди. Расмий статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Қуддус аҳолисининг 64 фоизи яҳудийлар, 33 фоизи мусулмонлар ва 2 фоизи насронийлардир. Агар демография ўзгарган бўлса, у ерларни сақлаб қолиш жуда қийин бўлади. Чунки сиёсий ўзгаришлардан олдин доим демографик омил биринчи ўринда келади.

Биринчи жаҳон урушида ва 1917 йил 2 ноябрда эълон қилинган Балфур декларациясида ҳамда 1917 йил 9 декабрда Усмонлилар империясининг араб диёрларини бой бериши, Қуддус ва Фаластин учун интиҳонинг бошланиши эди. 19 асрда давом этган демографик жараёнлар Қуддус ва Фаластинни сиёсий ўзгаришларга тайёрлаб борди.

Усмонийларнинг тарихий ҳужжатларида давлат ушбу демографик ўзгаришни пайқаганлиги, Қуддус деярли яҳудийлар шаҳрига айлангани ва айниқса Абдулҳамидхон II даврида турли ҳил чоралар кўрилганлиги таъкидланган бўлсада, заифлашган давлатнинг чоралари Франция, Англия ва Россиянинг босими туфайли яхши натижа бермаган. Бунинг устига Абдулҳамидхон II яҳудий иммиграцияси мамлакат хавфсизлигига таҳдид солишини англаб, эҳтиёт чораларини кўрган.

1947 йилда Буюк Британиянинг мандати остида БМТ ғарбий Қуддусни ишғол қилинишини расмийлаштирди, уни мусулмон ва яҳудий қисмларига ажратди. Ушбу ажратувни қабул қилмаган фаластинликлар Иргун ва Ҳагана сингари сионистик тўдалар томонидан ҳужумга учрадилар. Натижада Қуддуснинг мусулмон аҳолиси янада камайди.

1948 йил 14 майда Исроил расмий равишда ташкил этилганидан сўнг, эртаси куни Нақба – Буюк офат кунида ўн минглаб фаластинликлар ўз юртларида қочқинларга айланиб қолишди. 1950 йилда Ғарбий Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилган Исроил, 1967 йилги олти кунлик урушда Шарқий Қуддусни ҳам босиб олиб бутун шаҳарни эгаллаб олди. Шаҳарга 200 минг нафар яҳудийлар жойлаштирилиб, шаҳар демографияси бутунлай ўзгартирилди.

1980 йилда Қуддусни Исроилнинг “бўлинмас ва абадий” пойтахти деб эълон қилган Исроил, 90 йилларнинг бошларида СССР тарқатиб юборилгандан сўнг рус ва полшалик яҳудийларни Қуддусга жойлаштириб, “Буюк Қуддус” ни қуришни бошлади. Дарҳақиқат, АҚШ Конгресси 1995 йилдаги қарори билан АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирилишини маъқуллаган бўлсада, Трамп ҳокимиятга келгунига қадар бу ишни амалга оширмади. АҚШнинг аввалги президенти Трамп 2017 йил 6 декабрда Қуддусни расман Исроил пойтахти деб тан олди ва 2018 йил 14 майда, Исроил ташкил топган куни АҚШ элчихонаси Қуддусга кўчирилди. Ушбу қарор Россия ва Австралия томонидан тан олинди.

2020 йил 13 августда имзоланган Иброҳим битими асосида Исроил Миср ва Иорданиядан кейин Бирлашган Араб Амирликлари билан муносабатларни меъёрлаштириш орқали ўз манфаатларига мос равишда муҳим қадам ташлади. Энди Исроил Қуддусни тўлалигича босиб олишни якунламоқчи. Шубҳасиз, Араб Лигаси, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, БМТ ва шунга ўхшаш халқаро ташкилотлар (ҳар доимгидек) буни қоралайдилар, аммо Исроил ўз билганини қилишда давом этаверади. Минтақадаги Туркия, Миср, Саудия Арабистони ва Эрон каби мусулмонларнинг асосий давлатлари бирлашмасалар ва кучли бўлмасалар, бу ишғол жараёни тез орада Фаластин ва Қуддуснни ҳамда Масжид ул Ақсони бутунлай йўқ қилади.

Профессор Женгиз Томар,

Аҳмад Яссавий номидаги халқаро турк-қозоқ университети ректори ўринбосари