Россияга ташриф буюрган “халқаро экспертлар” гуруҳи. Уларга ким тўлов қилган эди

Ўтган йили ёзда Россия конституциясига ўзгартириш киритиш пайтида “халқаро экспертлар” гуруҳи овоз беришни кузатиш учун келишган эди. “Новая газета” ва “Доссиер” марказининг суриштирувларида аниқлашича, ушбу хорижий вакиллар Москвага чартер рейси билан келишган. Уларнинг ташрифи Россия фуқаролик палатаси томонидан пухта режалаштирилган. Маълум бўлишича, ташриф буюрган баъзи “экспертлар” Европанинг ўта ўнг партиялари аъзолари ҳисобланади. Бундан ташқари, уларнинг ташрифини ким молиялаштиргани номаълумлигича қолмоқда.

Журналистлар Фуқаролик палатасидан учиб келган “мутахассислар” нинг исмларини очиқлашни ва ушбу рўйхат қандай шакллантирилгани бўйича изоҳ сўрашди. Палата чет эллик меҳмонларнинг иштироки бўйича таклифлар тўғридан-тўғри “манфаатдор шахслар, шунингдек турли хил жамоат бирлашмалари ва нотижорат ташкилотларидан келган” дея жавоб бериб, таклиф қилувчиларнинг шахсларига ойдинлик киритмади.

Исми оммавий ахборот воситаларига “сизиб чиққан” мутахассислардан бири француз сиёсатчиси Тиерри Мариани бўлиб, у Франциянинг ўта ўнг Миллий Ҳаракатлар партиясидан Европа Парламенти аъзолигига сайланган.

Йўловчилар рўйхатига қарасак, энг катта делегация Франциядан келган 16 кишидан иборат делегация бўлиб чиқади. “Новая газета”нинг таъкидлашича, уларнинг сайлов участкаларига ташрифлари олдиндан дақиқаларигача режалаштирилган. Ушбу хорижий вакилларнинг Россияга ташрифи учун ким томондан харажатлар қоплангани номаълум бўлиб қолмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги журналистларга ташрифни молиялаштириш ёки ушбу “мутахассислар” рўйхати қандай шакллантирилгани тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди. Чет эллик “мутахассислар” ҳам газетанинг саволларини жавобсиз қолдирдилар.