Samsung ва LG чипларнинг етишмаслигидан азият чекмоқда

Financial Times газетаси яримўтказгичлар етишмовчилигининг кучайиб бориши сабабли Жанубий Кореянинг электроника ишлаб чиқарувчилари қийинчиликларга дуч келаётганини аниқлади. Вазият АҚШ санкцияларидан азият чекаётган хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг келажакда фойдаланиш учун таркибий қисмларни заҳиралаш истаги туфайли янада мураккаблашган.

Samsung компаниясининг иккита асосий етказиб берувчиларидан бири журналистларга маълум қилишича, компания етказиб беришдаги узилишлар сабабли смартфонларнинг айрим қисмларига буюртмаларни қисқартиришга мажбур бўлмоқда.

″Илова процессорлари, дисплей драйверлари ва камералар учун тасвир сенсорлари етишмаяпти. Натижада, Samsung ушбу чоракда буюртмаларни қисқартиришга мажбур бўлди”, – деди Жанубий Кореянинг гиганти учун смартфон компонентларини етказиб берувчи йирик компания вакили. Бироқ, суҳбатдошнинг фикрича, вазият июль ойидан бошлаб яхшиланишини кутилмоқда.

Март ойи бошида Samsung мобил телефонлар бўлимининг раҳбари Коҳ Донг Жин чипларнинг етишмаслиги сабабли иккинчи чоракда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида огоҳлантирган эди. Топ менежер чипларнинг етишмаслиги сабабли компания янги смартфон ишлаб чиқаришни кейинги йилга қолдириши мумкинлигини айтган.

Маиший электрониканинг яна бир етакчи ишлаб чиқарувчиси бўлган LG, чипларнинг етишмаслиги ҳали ишлаб чиқаришда узилишларга олиб келмаганини, аммо хавф мавжудлигини айтмоқда. ″Биз вазиятни диққат билан кузатяпмиз. Агар чиплар етишмовчилиги жиддийлашса, ҳеч қайси ишлаб чиқарувчи муаммодан қочиб қутула олмайди”.