Шаҳзода Филипп вафоти бўйича тафсилотлар

Эдинбург герцоги Шаҳзода Филипп “қариликдан” вафот этди. Шаҳзоданинг ўлими тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилишича, у ўтган ой 99 ёшида Виндзорда хотиржамликда “жонини топширган”. Унинг ўлимига бирор касаллик сабаб бўлмаган.

Кеча унинг ўлими тафсилотлари тўғрисида расмий хабар берилди. Унда ўлим сабаби шунчаки “қарилик” бўлганлиги айтилган.

“Кексалик” Британиялик тиббиёт ходимлари қўйидагича таърифлайдилар: агар бемор 80 ёшдан ошган бўлса ва шифокор беморни узоқ вақт давомида аста-секинлик билан ҳаётни тарк этаётганини кузатиб борган бўлса, ҳолат “кексалик” дея эътироф этилади.

Гувоҳномани қўлга киритган The Daily Telegraphнинг ёзишича, ўлимга сабаб бўлган бошқа касаллик ёки жароҳатлар аниқланмаган. Шунингдек, герцог ўлимидан бир неча ҳафта олдин юрак хасталиги туфайли жарроҳлик амалиётини ҳам бошидан ўтказган, лекин амалиётнинг ўлимга алоқаси йўқлиги тахмин қилинмоқда.

Шаҳзоданинг ўлими унинг шахсий котиби Бригадиер Арчи Миллер Бейквелл томонидан вафот этганидан тўрт кун ўтиб, 13 апрель куни Виндзор ва Мейденхед қироллик туманида рўйхатдан ўтказилди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери барча ўлим ҳолатларини телефон орқали рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмоқда.