Сионизм – тарихий илдизлари, мақсад ва ғоялари

Биринчи қисм

Ҳар қандай тарихий оқим, ташкилот ёки феноменни ўрганишда унинг тарихий илдизлари, вужудга келган ери, шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда тадқиқот олиб бориш зарурдир. Бу нуқтаи назардан сионизмнинг ўртага чиқишига ўз ҳиссасини қўшган тарихий воқеалар, шарт-шароитлар ва эҳтиёжларни ўрганмасдан туриб унинг илдизларини кўриш, қаерга бориб тақалишини тушуниб етиш мумкин эмасдир.

Сионизм ёки янада эски исми билан Сион охирги 150 йил ичида сиёсий ҳаракатга айланди. Чунки икки минг йилдир яҳудийларни бир мафкура атрофида бирлаштириб, диний ўзликларини йўқотишларига йўл қўймай келган ғоя ҳам Сионга бўлган севгилари бўлгандир. Минг йиллар давомида Сион тепаси улар учун ота-боболарига ваъда қилинган тупроқларга қайтишнинг рамзи бўлиб келган. Яқин Шарқдаги энг кучли давлатлардан бири бўлган Исроилнинг қандай қурилганлиги, қандай қилиб бу даражага етганлигини ўрганиш ҳам ҳар қандай тадқиқотчи учун сионизмни ўрганмасдан туриб қийин бўлади.

Бутун бу факторларни ўрганиш жараёнида асосий эътиборни яҳудийларнинг охирги 200 йил давомида зич ҳолда яшаган мамлакатлари, хусусан ўша вақтда турфа хил идологиялар, ҳаракат, янгилик ва ўзгаришлар содир бўлган Европа давлатларига қаратиш керакдир. Чунки, Исроил давлатининг илк асосчилари бўлган яҳудий-сионист раҳбарлар айнан Европа яҳудийларидан чиққандир. Аслида дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам яҳудий жамоалари эски замонлардан бери мавжуд эди ва ўзлари яшаган давлатнинг аҳолисидан  экономик, сиёсий ва бошқа соҳалардаги берк ҳаёт тарзлари билан Европадаги яҳудийлардан унча ҳам фарқлари йўқ эди. Бу масалада фақатгина мусулмон мамлакатлардаги яҳудийларнинг ҳолатини истисно сифатида қабул қилиш мумкин. Кўплаб идеологиялардан фарқли равишда, сионизм ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий тушунчаларни буюк бир фикр атрофида бирлаштира олган бир ҳаракатдир.

Бу ҳаракатнинг асосий мақсади – яҳудийлар учун тарихий Фаластин тупроқларида мустақил яҳудий давлатини қуриш, қургандан кейин эса унинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш, дунёдаги барча яҳудийлар орасида Исроил давлатини қўллаб-қувватлаш ва барча давлатларни Исроилни тан олишга ва уни қўллаб-қувватлашга мажбурлаш фикрини ёйишдир.

Сионизмнинг қурилиш тарихи аслида жуда узоқ тарихга бориб тақалади. XI асрда Испанияда яшаб ўтган машҳур яҳудий файласуфи ва шоири Яҳуда Ҳалавий (1075-1141) нинг асарларида ва ҳаётида ҳам буни кўрмоқ мумкиндир. Ҳалавий ўз асарларида Сион севгисини диний ва миллий манбалар билан биргаликда тақдим этмоқда ва яҳудийларнинг фақат Қуддусда озод ва мустақил бўлиб яшашлари ғоясини сингдиришга уринмоқда. Ҳалавий ўзининг  “Сионга”номли шеърида Қуддусга бўлган соғинчини  “Бегона дунёнинг тўрт томонига тарқаб кетган фарзандларингни соғинмадингми?” деб ифодалайди ва “Қалбим Шарқда” номли яна бир шеърида “Менга араб кишани урилган, Сион ёнмоқда, қуёшли Испанияда менга бир севинч йўқ”, деб ёзади.

Яҳуда Ҳалавий фақатгина шеър ёзиб қолмасдан, 1140-йили Искандария ва Қоҳирага саёҳат қилади ва Шмуэль бен Нетаньяху ва Хафлон бен Натаниэль билан кўришади. Бу иккиси ҳам яҳудийларни Фаластинда тўплаш ғояларини Миср яҳудийлари орасида тарғибот қилган хахам – руҳонийлар эди. Бу учрашувдан кейин Ҳалавий Фаластинга кетади ва ўша ерда вафот этади.

Яна бир Испанияли шоир ва мутафаккир Соломон бен Габирол (1021- 1058) эса “Тинчлик тупроғи” номли шеърида “Сут ва асал оққан тупроқ”ни (яъни Исроилни) Аллоҳнинг яҳудийларга ваъда қилган мероси сифатида тасвирлайди. Ўрта асрларда Испанилик яна бир машҳур яҳудий файласуфи Мусо бен Маймун (1135-1204) ҳам Фаластинга саёҳат қилган эди ва васиятида ўзини бу тупроққа кўмишларини ёзган эди.

Реконкистадан сўнг 1492 йили мусулмон Испанияси ортиқ дунё харитасидан ўчирилади ва айни йилда минтақада яҳудийларга қарши ҳужумлар кучаяди. Мусо бен Маймун ҳам кўплаб яҳудийлар каби оиласи билан Испаниядан чиқиб кетади ва олдин Марокко, кейин эса Фаластинга сафар қилади. У хотираларида Фаластинга келган кунини муқаддас кун деб атайди ва Тангрини бу тупроқларда яҳудийлардан бошқа ҳеч қандай халқни қабул қилмаслигини ёзади.

XIX асрнинг бошларига келиб турли мамлакатларда яшайдиган яҳудийлар орасида уларни бошқа халқларнинг зулмидан қутқарувчи ва яҳудийларни дунёдаги устунлигини таъминловчи Мессия – Машиахнинг келишига оз қолди, қабилидаги фикрлар тобора кучайиб боради. Тавротдаги шу мисралар бунга далил сифатида кўрсатилади: “Бутун Исроилликлар ўз ватанларига қайтадилар, миллатлар Исроилга нисбатан қилган хатоларини тушуниб етадилар“. Бундан ташқари, Тавротнинг шарҳи ҳисобланган Талмудда ҳам “Сионнинг қутқарувчиси келади” деган жумла ёзилган эди ва бу мафкура вақт ўтган сари бутун дунёга тарқаб кетган яҳудийларни ўз атрофида йиға бошлайди.

Ислом ва христианликдан фарқли равишда яҳудийлик дини – иудаизм фақат шу миллатга хос дин сифатида намойиш этилади, чунки бошқа динлар ҳар қандай миллатдан бўлган инсонни қабул қилаверса, яҳудий динига эътиқод қилмоқчи бўлган инсоннинг онаси албатта шу миллатга мансуб бўлиши шартдир (истисно тариқасида балки Хазар туркларини ва караимларни кўрсатиш мумкиндир). Яҳудийлик шу тариқа дин ва миллатнинг бирлигига, таъбири жоиз бўлса, паспортига айланди. Сионизм эса агар сен  ўзингни яҳудийман деяётган бўлсанг, дининг ва Сион учун қўлингдан келган ҳамма нарсани бажар, деган ғояни тобора ғайрат билан ёйишга давом этади.

XIX асрнинг бошларида Ғарбий Европада бошланган янги Ренессанс тўлқини яҳудийларга ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади. Табиики илк босқичларда ҳеч ким секуляризм ва ойдинлашма ғояларининг яҳудий давлатининг тамаллари бўла олишини кутмаган эди. Фақат борган сари Европада миллатчилик кайфияти кучая бошлади ва асрлар бўйи ўзини бошқа миллатлардан диний томондан фарқли деб билган яҳудийларнинг онги ва идроки бу воқеалар таъсирида ўзгара бошлади.

Албатта, миллиятчилик ва сионизм ҳаракати яҳудийлар орасида қисқа муддатда тарқалмади ва айниқса мутаассиб яҳудийлар бунга қарши чиқдилар. Аммо Европада яҳудийларнинг миллат сифатида камситилиши давом этди ва сионизмнинг обрўси ва тарафдорлари тобора ортаверди. Мисол тариқасида бир яҳудий офицер француз фуқароси бўлишига қарамай туҳматга учраган ва жазоланган машҳур Дрейфус маҳкамаси ишини хотирлаш кифоядир. Асрлар давомида Европада, Африкада, Осиё ва бошқа қитъаларда яшашларига, у ернинг менталитети ва урф-одатларини жуда яхши билишларига қарамай, кичик бир диний гуруҳ сифатидагина қабул қилиниб, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўла олмаган яҳудийлар учун сионизм уларни қутқарувчи ғоя бўлиб кўринади. Кўриб турганингиз каби, сионизмнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади, у фақатгина намоён бўлиш учун қулай вақтни кутиб турган эди.

Сионизм сўзи илк бора Натан Бирнбаум томонидан ишлатилади, 1882-йили эса Романовлар империясида яҳудийларга қарши нафрат кайфияти кучайиб, уларга қарши ҳужумлар бошланади. Айни йили русларнинг яҳудий уйларини ва дўконларини талон-тарож қилаверишидан қочган бир гуруҳ яҳудийлар Фаластинга келади ва илк Сионист жамоаси – Ришон ле Ционга асос солади.

Саида Дариева тайёрлади.