Суриялик арманилар Арманистон ҳақида: “Бошқача тасаввур қилгандик”

Швейцариялик журналист Михаэль Вразе Luzerner Zeitung нашрида эълон қилинган Ватангақочиш сарлавҳали мақоласида урушдан қочиб, тарихий ватанларидан бошпана топишга ҳаракат қилган Сурияли арманилар ҳақида ҳикоя қилади.

Мақолада айтилишича, 2012-чи йилдан бошлаб 20 мингдан зиёд арманилар асрлар давомида яшаб келган Сурияни ташлаб, тарихий ватанлари Арманистонга қочиб келадилар. Арманистон ҳукумати уларга  “сиёсий бошпана ва паспорт” ваъда қилган эди. Бу қочқинларнинг деярли барчаси Ҳалаб шаҳридан келганлардир. 

“Улардан тахминан 16 минги Арманистонда қолди. Лекин бу ердаги ҳаёт Суриядагидан қийин бўлиб чиқди”, – деб ёзилади мақолада.

 “Ҳалабда менинг маҳаллий халқ орасида машҳур бўлган автомашина таъмирлаш устахонам бор эди”, дейди қочқинлардан бири Ованес Дегирменян. У ҳозирда Еревандаги дим ерости йўлларидан бирида паҳлава сотиб кун кечиришга ва 5 кишидан иборат оиласини боқишга мажбур бўляпти.

Ёши 50 дан ошган Дегирменян ва бошқа қочқинлар нодавлат ташкилотларнинг ёрдамисиз жуда қийин аҳвода қолишларини айтишмоқда. Бундай ташкилотлардан бири, Aleppo-ngo.org –нинг матбуот котиби Саркис Балхияннинг айтишича, улар Суриялик арманилар учун Байрут-Ереван учоқ билетини сотиб олиш, Еревандан иш ва ижарага уй топиш каби масалаларда қўлдан келганча ёрдам  беришга ҳаракат қилишяпти.

“Суриялик арманиларнинг деярли ҳаммаси бу ерда атиги икки ойча қоламиз, Суриядаги уруш тўхтайди ва уйга қайтамиз деб ўйлаган “, -деб ҳикоя қилади Балхиян.

Бу қочқинлардан бири Севак Саркиснинг айтишича, Арманистонда ҳар учинчи инсоннинг ишсиз эканлиги уларни ҳайратга солди. Устига устак, маҳаллий арманилар туфайли Сурияли арманилар ўз тарихий ватанларида ўзларини бегонадек ҳис қилмоқдалар. “Худди уларнинг ишини, нонини, уйини тортиб олгани келганимиздек муомала қилишяпти “, -деб шикоя қилади Севак. Йигитнинг отаси эса Сурияда тинчлик ўрнатилиши билан дарҳол уйларига қайтишга тайёрлигини  ва тарихий ватанни бошқача тасаввур қилганини афсус билан таъкидлаб ўтди.

Қочқинлардан яна бири, Ҳалабли Анна Истаниян ҳам ўз келажагини Арманистон билан боғламаяпти. Унинг фикрича, бу мамлакатда Ғарбдаги каби иш ва таълим имкониятлари яратилмаган. У қулай имкон туғилиши билан АҚШ ёки Европа мамлакатларидан бирига кетишини айтди.

Суриялик арманиларнинг дуч келган муаммолардан яна бири-фарзандларини мактабга жўнатишдаги тил муаммосидир. Гап шундаки, улар армани тилининг ғарбий, Арманистонлик арманилар эса шарқий лаҳжасида гаплашишади. Бу икки лаҳжа ўртасидаги фарқ айниқса илмий терминологияда яққол кўзга ташланади. Шу сабабдан ҳам ота-оналар фарзандларининг келажакда мамлакатдаги университетларга кира олмаслигидан хавотирдалар.

Арпи Арутюнян,  Armnews телеканалининг махсус мухбири