Токио олимпиадасини ўтказишда эпидемиологик вазият албатта ҳисобга олиниши керак

Япониялик машҳур теннис ўйинчиси Осаканинг таъкидлашича, Олимпиадани ўтказишда коронавирус хавфининг юқорилигини ҳисобга олиш керак.

Японияда ўтказилган сўровларнинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, аксарият японлар коронавирусга нисбатан хавотир туфайли ўйинларни ёзда ўтказилишига қарши.

Наоми Осаканинг айтишича, у бутун умрини Олимпиадада қатнашишни кутиш билан ўтказган бўлсада, авж олган Ковид-19 пандемияси шароитида Токио ўйинларини қай даражада ўтказиш диққат билан муҳокама қилиниши керак. “Албатта, мен Олимпиада ўйинларининг ўтказилишини хоҳлайман, лекин менимча, дунёда жуда муҳим воқеалар бўлиб ўтмоқда, айниқса ўтган йили бошланган ва ҳамон давом этаётган пандемия долзарблигича қолмоқда”, – деди у Италия очиқ чемпионати олдидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Японияда 600000 дан ортиқ коронавирус ҳолатлари ва 10500 дан ортиқ ўлимлар қайд этилган, аммо ҳозиргача эмлаш кампанияси нисбатан суст кечган. 126 миллионга яқин аҳолининг атиги 2 фоизигина камида битта вакцина дозасини олган.

Бош вазир Ёшиҳиде Суга ҳукуматнинг эмлаш ишларини тезкор равишда амалга оширишини кузатиб боришга ваъда бериб, вакцинациялашни кунига 1 миллионтага етказишни мақсад қилганини айтди.

Осака 23 ёшида икки марта: АҚШ Очиқ чемпионатида ва Австралия Очиқ чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.