Тўлиқ эмланган америкаликлар ниқобсиз ҳаётга қайтишлари мумкин

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази тўлиқ эмланган америкаликлар учун кўрсатмаларга ўзгартириш киритдилар. Эндиликда улар ҳар қандай ёпиқ ва очиқ, шунингдек, одамлар гавжум бўлган жойларда ҳам ниқоб тақиб юришлари шарт эмас. Ушбу маълумотни марказ директори Рошелл Валенский Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда эълон қилди.

“Агар сиз тўлиқ эмланган бўлсангиз, пандемия сабабли тўхтатиб қўйган ишларингизни қайта бошлашингиз мумкин. Тўлиқ эмланган ҳар қайси фуқаро ёпиқ ва очиқ жойларда ниқоб киймасдан ва ижтимоий масофа сақламаган ҳолда ўзлари учун муҳим ишларни бажаришларни мумкин… Барчамиз одатий ҳаётга қайтишимиз мумкин бўлган бундай дақиқаларни орзиқиб кутган эдик”, – деди Валенский катта ўзгаришларни эълон қилиб.

Янги тавсиядан атиги 16 кун олдин чиқарилган йўриқномада одамлар тўлиқ иммунизация қилинган тақдирда ҳам ёпиқ ва очиқ жойларда ёки кўпчилик орасида бўлганларида ниқобларни кийишлари кераклиги қатъий белгиланган эди.