Туркман давлат дўконларида: жанжаллар ва ҳушдан кетишлар

Туркманистоннинг турли вилоятларида давлат дўконларида озиқ-овқат савдоси борасидаги аҳвол кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Таъбир жоизса, бу уруш йилларидаги қамал кунларини эслатмоқда.

«3-май куни 8 яшар қизалоқ 72-рақамли дўконда пахта ёғига навбатда кутаётган пайтда ҳушидан кетиб йиқилди, — деб хабар беради Туркманободдаги манба. Қизчанинг тили кетиб қолди, вақтида ёрдам кўрсатилмаганда бўғилиб қоларди».

Гувоҳнинг айтишича, қизалоқни дўконга онаси олиб келади. Роза исмли сотувчи аёл онага қўшимча пул эвазига 1,5 эмас, 3 литр ёғ беришга ваъда қилган эди.

Бир кун аввал эса айни дўконда навбат кутиб ўтирган инсонлар орасида жанжал чиқди. Воқеа жойига полиция ходимлари етиб келди. Улардан бири жаҳл билан: “Бир-бирингизни дўппослаш ўрнига сотувчини кўчага олиб чиқиб таъзирини берсангизчи!  Ёки ичкарига               кириб савдони назорат қилинг”, деди. Бошқа бир полициячи эса бундай нохуш ҳолатларнинг фақат шу дўконда содир бўлаётганини қўшиб қўйди.

Лекин, Ашхободнинг Ободон туманида жойлашган дўконларга келиб навбатда турганлар бу гапга қўшилмаган бўлардилар. Ўтган шанба, 1-май куни у ерда ҳам жанжал кўтарилди. Уч кишидан иборат полиция гуруҳи эса ҳеч нарса қилолмади, одамлар дўконга бостириб кирдилар. Воқеаларнинг қандай ривожланганини кўрганлардан бири шундай ҳикоя қилади:

«Аввалига товуқ оёқлари, кейин эса ҳар оилага бир литрдан пахта ёғи сотилди. Шундан кейин шакар сотиш бошланди. Худди шу уч маҳсулотни бир пайтнинг ўзида сотиш мумкин эмасдек бекорга шунча вақт оёқда туриб кутилди. Жазирама иссиқда инсонлар бетоқат бўла бошлади. Қоғозга ёзилган навбат рўйхатида яна ҳар доимгидек чалкашлик бўлди. Асосан аёллар бақир-чақир қилиб, жанжални бошлаб юборишди. Маҳсулотларни бозорга юбориб, ўша ёқда уч баробар қимматга сотворамиз, қабилидаги дўқ-пўписалар ҳам ёрдам бермади».

Қанчалик ғалати бўлмасин, баъзи сотувчилар бу оғир шароитда ўзларини сувдаги балиқдек жуда яхши ҳис қилиб, фойда олишга ҳам улгурмоқдалар.  Масалан, юқорида тилга олинган Роза устидан кўп марта шикоят қилинган бўлсада, аёл билганидан қолмаяпти.

«Неча марта одамлар уни дўкондан қўлларида ёғ ва товуқ тўла қутиларни олиб чиқиб, қўшни хусусий дўконга ташиганини гувоҳи бўлишган», деб хабар берганди туман яшовчиси.

        Жорий йилнинг 30-апрель куни Туркманистон Бош вазир ўринбосари Чори Қиличев ҳукумат мажлисида президент Гурбангули Бердимуҳамедовга маҳаллий бозорнинг маҳаллий озиқ-оқват маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлангани ҳақида ҳисобот берган эди. Кўп соатли навбатларда туриб ҳолдан тойган фуқароларнинг бир дона импорт товуқ оёғи ёки бир литр маҳаллий пахта ёғи учун бир-бирларини ўлдиришга тайёрликлари ҳақида табийки лом-мим дейилмаганди.

Манба: turkmen.news