Уйғур инсон ҳуқуқлари ташкилоти (UHRP) ҳисоботи

Шарқий Туркистондаги (Шинжон-Уйғур автоном вилояти) уйғурлар ва бошқа туркий халқлар Хитой ҳукуматининг репрессив сиёсатига узоқ вақтдан бери чидаб келмоқдалар. Айниқса диний раҳбарлар давлат томонидан тез-тез таъқибга олинадиган субъектлар бўлмоқда.

Ушбу ҳисоботда уйғур диний арбоблари қай даражада нишонга олинганлиги ҳақида янги далиллар келтирилган. Бирламчи ва иккиламчи манбалардан фойдаланган ҳолда 2014 йилдан бери диний таълим ва жамоат раҳбарлиги учун ҳибсга олинган туркий имомлар ва Шарқий Туркистондаги бошқа диний арбобларнинг 1046 та ишидан иборат маълумотлар тўплами тузилди. Аммо, кўриб чиқилган жами ҳолатлар, эҳтимол, маълумот олишдаги жиддий чекловларни ҳисобга олган ҳолда, айсбергнинг учи бўлиши ҳам мумкин.

Маълумотлар шуни кўрсатадики, Хитой ҳукумати асосан уйғурларнинг 1960-1980 йилларда туғилган диний арбобларини нишонга олган. Аммо, худди шу гуруҳга мансуб қозоқ, шунингдек, қирғиз, ўзбек ва татар диний арбоблари ҳам ҳибсга олинганганлиги таъқиблар кўламининг нақадар кенглигини кўрсатмоқда. Маълумотлар базасидаги 57 та ҳолатгина (5%) 60 ёшдан ошган шахсларга тегишли.

Тўпламдаги шахсларнинг 41 фоизига қамоқ жазоси берилгани Хитой ҳукуматининг нафақат диний фаолият ёки амалиётни жиноий жавобгарликка тортиш, балки касбига кўра имомларни жиноятчилар деб ҳисоблаш ниятида эканлигидан далолат беради.

Кўриб чиқилган ҳолатларда қамоққа олиш учун асослар орасида “ноқонуний диний таълим бериш” (асосан болаларга), давлат томонидан рухсат берилган масжиддан ташқарида намоз ўқиш, “ноқонуний диний материалларни сақлаш”, чет элга рухсатсиз саёҳат, айирмачилик ёки экстремизм, тўй ва дафн маросимларида ваъз ўқиш ва бошқа айбловларни кўриш мумкин. “Бошқаларга намоз ўқишни ўргатиш”, “Мисрда олти ой таълим олиш” ва “ёқиш учун Қуръон китобини топширишдан бош тортиш” кабилар учун 15 йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳолатлари кенг қўлланилган.

Ўрганилган 304 та ҳолатларда юқоридаги айбловлар билан 96% диний арбоблар камида беш йиллик, 25% эса 20 йил ва ундан ортиқ қамоқ жазосини олганлар. 14 нафар имомларга умрбод қамоқ жазоси берилган. Кўпинча айбловлар ноаниқликдан иборат бўлган.