Ватандошимиз, физик Фаттоев халқаро илмий журналнинг ҳурматли ҳакамлари қаторига киритилди

Modern Physics Letters A (MPLA) – бу “Modern Physics Letters” номи остида World Scientific нашриёти томонидан нашр этилаган журналлар серияси қаторида энг биринчиси ҳисобланади. Унда гравитация, космология, ядро физикаси, зарралар ва майдонларга оид мақолалар ва тадқиқотлар мунтазам ёритиб борилади.

Дунё илмий ҳамжамияти орасида юксак ҳурматга эга ушбу журналда мақолалари чоп этиб бориладиган ҳамюртимиз Фаррух Фаттоевни физика фани соҳасида улкан ютуқларга эришаётгани сабабли журналнинг “Ҳурматли ҳаками” унвонига сазовор бўлди.

Доктор физик Фаррух Фаттоев ўз докторлик диссертациясини 2011 йилда Флорида давлат университетида назарий ядро физикаси соҳасида ёқлаган. Унда сўнг 2012-2014 йилларда Техас А&М-Коммерс университетида ва 2015-2018 йилларда Индиана Блумингтон университетида докторлик даражасидан кейинги илмий фаолиятини давом эттирган. Ҳозирда у Манҳэттен Коллиж олийгоҳининг физика кафедрасида профессор лавозимида фаолият олиб бормоқда. Фаррух Фаттоевнинг илмий йўналишлари ядро астрофизикаси, нейтрон юлдузлар, назарий ядро физикаси, умумий нисбийлик ва космология ҳисобланади.

Ватандошимизга келгуси илмий ишларида ҳам омад тилаб қоламиз.