Хитойнинг демографик инқирози

Хитой иқтисодиётининг тезкор суръатларда ўсиши ўз интиҳосига яқинлашаётганга ўхшайди. Бундай ёндошув айни пайтда Хитой жамиятида юз бераётган туб ўзгаришларга асосланган. Гап туғилиш даражасининг пасайиши ва аҳоли орасида кекса авлод улушининг кўпайиши ҳақида кетмоқда.

Расмий маълумотларга асосланиладиган бўлса, ҳозирда дунёда деярли 1,4 миллиард хитойлик бор (яъни дунё аҳолисининг тахминан 20%). Яқин келажакда ХХР ўз аҳолиси ва яратадиган иқтисодий қудратига таяниб бутун дунёни эгаллаб олаши тахмин қилинган эди.

Бироқ, ҳақиқат кутилганидан бироз бошқачароқ бўлиб чиқди. Хитой 2020 йил ноябрь – декабрь ойларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилди. Маълум бўлдики Хитой бойиб улгурмасдан “қариб” қолар экан.

Туғилиш даражасининг пастлиги

Аслида, Хитойда туғилиш коэффициенти 1991 йилдаёқ 2,1 дан (аҳоли сони нисбатини маълум нуқтада ушлаб туриш учун зарур бўлган минимал даражадан) камайиб кетганди. Баъзи манбаларга кўра 1994 йилдан 2018 йилгача бўлган давр мобайнида, ушбу кўрсаткич ўртача 1,36 ни (расмий равишда эса 1,6 дан юқори деб кўрсатилган), 2020 йилда эса 1,3 ни ташкил этган. Таққослаш учун, 2020 йилда АҚШда туғилиш коэффициенти 1,65 га тенг бўлди.

Ёшлар ва аёллар камайиб бормоқда

Ҳатто Хитой туғилиш коэффициентини 1,2 даражада ушлаб тура оладиган бўлса ҳам, 2050 йилга келиб унинг аҳолиси америкаликларга нисбатан бир неча баравар кўп бўлади. Бироқ, бунда ХХР учун асосий муаммо бу аҳоли ўртача ёшининг ўсиши, яъни қаришидир.

          1970 йилларнинг охирида қабул қилинган “Бир оила – бир фарзанд” сиёсати Хитой демографик таркибини кескин ўзгартирди. Натижада, 1990 йилда мамлакатда 15-29 ёшлар орасида бўлган ёшлар аҳоли улушининг 31 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 17 фоизга тушиб қолди. 2021 йилда аҳолининг ўртача ёши 42 ёш бўлган бўлса, 1989 йилда ўртача ёш 25 ёшни ташкил этарди.

Оқибатда оилада бир нафар ишлайдиган хитойлик иккита ота-онасини ва тўртта бобо-бувиларини боқиши керак бўлиб қолмоқда. Ёши катталарни ижтимоий ҳимоя қилиш учун давлат пенсия жамғармасига ҳар йили ўртача 1,5 триллион доллардан кўпроқ маблағ ажратиши керак.

          Ўртача ёшнинг каттайиб бориши аҳоли билан боғлиқ ягона муаммо эмас. Ёшларнинг камайиб кетиши ва аҳолининг қариш даражасидан ташқари, Хитойда аёллар ҳам тобора танқислашиб бормоқда. Бу яна ўша “Бир оила – бир фарзанд” сиёсатининг натижасидир. Хитойликлар оила боқувчиларини дунёга келтиришни афзал кўришган, шунинг учун ҳомиладорлик вақтида ҳомила жинси аёллиги аниқланса, уни аборт қилдираверишган. Алал-оқибат давлатда эркак ва аёл сони ўртасидаги бўшлиқ кенгайиб бораверган. Хитой университетларидан бири ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 2015 йилдан кейин туғилган 100 нафар ўғил болалардан 18 нафари ҳозирда ўз жуфтини топа олмаяпти. Бу нафақат репродуктив кўрсаткичларга таъсир қилади, балки мамлакатда жиноятчилик даражаси (биринчи навбатда жинсий зўравонлик) ошади ва оилавий қадриятлар каби тушунчалар йўқолиб бораверади.

Хитойда никоҳлар сони 2013 йилдан бери камайиб бормоқда. 2013 йилдан 2019 йилгача никоҳ қуриш 41 фоизга камайган. Ажрашиш даражаси эса ўсиб бормоқда.

Демографик қаришнинг олдини олиш учун давлат ихтиёрида иккинчи йўл – мамлакат ташқарисига чиқиш қолмоқда. Хитой ўз иқтисодиётини сақлаб қолиш учун давлат ичида демографик бомба портлашидан олдин кўп сонли мамлакатлар ва минтақалар устидан назоратни ўрнатиши керак. Мақсад у ерлардан ресурсларни тортиб олиш (ҳеч бўлмаса пенсия таъминоти учун), ишлаб чиқаришни заводларини у ерларга олиб бориб ўрнатиш (арзон ишчи кучидан фойдаланиш учун) ёки керак бўлса, меҳнат муҳожирларини ХХР ҳудудига олиб келиб келиб ишлатиш.

Сўнгги йилларда Хитой ташқи сиёсий фаоллигининг кескин ўсиб боришини айнан шу эҳтиёждан келиб чиққанини англаш қийин эмас.