Янги давр технологияси: босма қуёш панеллари

Сўнгги бир неча йил давомида “Илмий ва саноат тадқиқотлари ҳамдўстлик ташкилоти” дан Австралиялик олимлар гуруҳи Монаш ва Мелбурн университетлари билан ҳамкорликда босма қуёш панелларини яратиш устида ишламоқда. Жамоа янги технологиялар бозорга “чиқиш” га деярли тайёр эканлигини айтмоқда.

Бугунги кунда қуёш панелларининг аксарияти кремнийдан тайёрланади. Австралиялик олимлар органик яримўтказгичли полимерлардан фойдаланмоқдалар. Кейинроқ улар парчаланиб сиёҳ ҳосил қилинади. Олинган сиёҳ нурни тутиб қолиш ва уни электр энергиясига айлантириш имкониятига эга. Бундай босма қуёш панелларини пластик юзалар ёки ҳатто пўлат листлар устига босиб чиқариш мумкин, яъни бу босилган қуёш панеллари ҳатто бинолар юзасига ўрнатилса бўлади дегани.

Ушбу технологиядан осмонўпар биноларда уйларни энергия билан таминлашда фойдаланиш мумкин. Панеллар кичик ўлчамларда чоп этилиши, ҳатто электрон аксессуарларга ёпиштирилиб, телефонлар, планшетлар ва ноутбуклар каби қурилмаларни қувват билан таъминлаши мумкин.

Шунга қарамай, технология ҳали бозорга чиқмасдан олдин, тадқиқотчилар бундай босма қуёш панеллари самарадорлигини сезиларли даражада оширишлари керак. Жамоа бу борада аллақачон улкан ишлар олиб борилаётганини айтмоқда.

Босма қуёш панелларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашёга сарфланадиган ҳаражатлар одатий қуёш панеллари ҳаражатларидан бир неча баравар кам. Бундан ташқари, бу қуёш панеллари булутли об-ҳаво шароитида ҳам жуда яхши ишлайди ва рулон шаклида бўлгани учун улардан сиз истаган жойда фойдаланишингиз мумкин.