Янги давр технологияси: тепаликлардан улкан батареялар сифатида фойдаланиш мумкин

RheEnergise – бу янги технологияни татбиқ қилишни режалаштирган Буюк Британиядаги стартап лойиҳасидир. Янги технология тепаликларнинг тортишиш кучидан фойдаланган ҳолда қайта тикланадиган энергияни ўзида жамлайди.

Янги стартап лойиҳаси ҳудди гидроэлектростанцияларнинг ишлаш тизимига ўхшаш тизимда ишлайди. Гидроэлектростанциялар энергияга талаб нисбатан паст бўлганда тоғлардаги омборларга сув тўплайди ва кўпроқ энергия ишлаб чиқариш зарур бўлганда айланувчи турбиналар орқали катта сув массасини чиқаради.

Гидроэлектр станцияларини қуриш учун катта миқдордаги маблағ ва улкан тўғонларни қуриш керак. Янги технология бўйича эса тўғонлар кичик тепаликларда қурилиши мумкин ва катта тўғонларга қараганда камроқ экологик хавфга эга.

RheEnergiseнинг янги тизимида сув ўрнига икки баравар зичроқ бўлган суюқлик ишлатилади, бу эса катта тўғон ишлаб чиқарадиган даражада энергия ишлаб чиқаришга имкон беради. Ушбу янги усулда ишлатиладиган зич суюқлик қувурлар орқали юқорига ва пастга қараб ҳаракатланади. Қувурлар атроф-муҳитнинг табиий гўзаллигига акс таъсир кўрсатмаслиги учун ер остига ўрнатилади.

RheEnergise фақатгина Буюк Британиянинг ўзида ушбу янги энергия тежайдиган тизимни ўрнатиш учун жуда мос бўлган тахминан 9500 та тепаликларни рўйхатга олиб қўйди.