Янги давр технологияси: Хитойдаги “Сунъий Қуёш”

Хитой “Сунъий Қуёш” (HL-2M) номи билан танилган ядро синтези реакторининг биринчи синовини муваффақиятли якунлади. Қурилманинг “Сунъий Қуёш” деб аталишига сабаб, у Қуёшнинг энергия ҳосил қилиш жараёнини такрорлайди. Ядро синтези – бу жуда оз миқдордаги чиқиндилар қолдирувчи, тоза энергия ишлаб чиқарадиган истиқболли технология ҳисобланади. Ядро синтези жуда қиммат жараён, аммо Хитойнинг синовлари тадқиқотчиларга ҳаражатларни камайтириш йўлларини излаб топишда ёрдам бериши мумкин.

Қуёш ядро синтези реакцияси орқали энергия ишлаб чиқаради. Қуёш ичида водород атомлари бир-бири билан тўқнашади ва улкан тортишиш кучи босими остида ўта юқори ҳароратда – цельсий бўйича 15 миллион даража атрофида синтезланади. Ҳар сонияда 600 миллион тонна водород гелий ҳосил қилиш учун синтезланади. Ушбу жараён давомида водород атомлари массасининг бир қисми энергияга айланади.

Ядро синтези ва ядро бўлиниши

Синтез – бу ядровий технология бўлиб, унинг воситасида катта миқдордаги ядровий чиқиндиларни ҳосил қилмасдан жуда юқори даражадаги энергия ишлаб чиқариш мумкин ва олимлар бу технологияни ўнлаб йиллар давомида такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳозирги вақтда ядро энергияси ядровий бўлиниш (энергия оғир атом ядросини енгилроқ иккита ёки ундан ортиқ ядроларга бўлиш натижасида ҳосил бўлади) шаклида олинади, бу жараён ядро синтези реакциясининг тескариси ҳисобланади. Ядровий бўлиниш реакциясига эришиш осонроқ, аммо у ўзидан кўп чиқиндилар қолдиради.