Янги давр технологияси: Зарарли ўтларни йўқ қилувчи робот

Қишлоқ хўжалигининг ашаддий душмани бўлган ёввойи бегона ўтлар ҳосилнинг кўнгилдагидек ўсишига тўсқинлик қилибгина қолмай у учун зарур бўлган озуқа моддаларини тупроқдан сўриб олади. Натижада ҳосилдорликнинг максимал рентабеллигига тўсқинлик қилади.

Тақдим қилинаётган ушбу янги автоном робот кераксиз ўринларда ўсиб қолган ёввойи ўтларни аниқлайди ва уларни кучли лазер ёрдамида «ўлдиради». Робот соатига 100000 бегона ўтларни йўқ қилиш самарадорлигига эга.

Ёввойи ўсимликларни йўқ қилишнинг бошқа муқобил усулларига кимёвий гербицидлардан фойдаланиш киради ва бу усул ҳосилни тоза сақлашда энг кўп қўлланиладиган воситадир. Лекин, у сувни ифлослантиради ва натижада тупроқ унумдорлигига салбий таъсир қилади.

Яна бир оддий, лекин амалда қўлланиладиган усул бу ўтларни қўлда йиғишдир. Бу тупроқнинг «соғлиғига» таъсир қилмасада, жараён учун кўп ишчи кучи талаб этилади.

Олимлар томонидан ишлаб чиқилган ушбу автоном робот бегона ўтларга қарши курашишда ўта самаралидир. У нимани «ўлдириш» ва нимани “сақлаб қолиш” кераклигини “ҳис қилади”. Бунинг учун унга ерни сканерловчи 12 та камера ва бегона ўтларни ёқиб юборадиган карбонат ангидрид асосида ишловчи лазер мосламаси ўрнатилган. Ушбу воситалар сунъий онг принципига асосланган дастур ёрдамида бошқарилади ва соатига 100000 бегона ўтларни йўқ қилиб, кунига 15-20 гектар майдонни ўтлардан тозалаб беради.

Янгиликни ўқиган фермерлар унинг нархини билишга қизиқишлари табиий. Автоном роботни ишлаб чиқарувчи корхона бош директорининг айтишича унинг нархи бир неча юз минг доллар бўлиши кутилмоқда.