26 миллион долларлик робот-дельфиннинг сув-ҳавзасида ажойиб тарзда сузишини томоша қилинг

Янги Зеландиядаги Edge Innovations компанияси Голливуднинг энг яхши аниматроник эффект яратувчилари билан биргаликда реал дельфинлардан деярли фарқ қилмайдиган робот-дельфинларни ишлаб чиқиш устида фаолият олиб бормоқда, деб ёзади The Guardian.

Робот-дельфин, бир қарашда, сохта нарсага ўхшаб кўриниши мумкин бўлсада, аниматроника йўналиши одамларга денгиз ҳаёти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш ва асирликдаги ҳайвонларнинг сонини камайтириш учун яхши восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ушбу инновация, албатта, катта миқдордаги молиялашни талаб қилади. Битта аниматроник дельфинни “аквариумга” солиш камида 26,3 миллион долларга тушиши мумкин.

Дельфинлар, шунингдек, бошқа ҳайвонлар каби асирликда ёввойи табиатда эркин яшаганларидек узоқ яшай олмайдилар, дея таъкидланади The Guardian хабарида.

Айни пайтдаги нарх тирик дельфинни олиб келиб фойдаланишдан қарийб тўрт баравар қиммат, аммо Edge Innovations компаниясининг тадбиркорлари таъкидлашларича, роботлар охир-оқибат тирик ҳайвонларга қараганда узоқроқ хизмат қилишади ва бу нарх вақт ўтиб ўзини оқлайди.

Робот-дельфинларнинг прототипи 270 килограмм тош босади. Баён этилаётган инновацион лойиҳа компьютер дастурлари асосида яратилган сунъий объект бўлсада, у ҳайратланарли даражада ҳаётийдир. The Guardian хабарига кўра, аудитория синов пайтида уни ҳақиқий дельфиндан ажрата олмаган.