Афғонистонда қурбонлар кўпаймоқда

“Ёнғин бошланди, укам ерга қулаб тушди, мен ҳам жароҳат олиб ҳушимдан кетдим”, – деб ҳикоя қилади Афғонистоннинг Боғлон вилоятида яшовчи Носир Аҳмад.

Вилоятнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ишловчи расмийларининг сешанба куни хабар беришича, афғон хавфсизлик кучлари ва Толибон жангарилари ўртасида давом этаётган шиддатли жангларда жорий ойда 100 нафардан кўп инсонлар қурбон бўлди ва яраланди. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Боғлон расмийларининг айтишича, душанбадан сешанбага ўтар кечаси жангарилар Пули хумри шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилишган, аммо хавфсизлик кучлари уларнинг ҳужумларини қайтара олишган.

“Биз улардан нафратланамиз. Жангариларнинг жасадлари ҳалиям деворлар остида ётибди”, – дейди Боғлондаги ҳарбий қўмондонлардан бири Рўзи Муҳаммад.

“85 нафар ярадоримиз бор, 21 нафар инсон эса ҳалок бўлди”, – дейди Боғлон Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳибуллоҳ Ҳабиб.

Ўтган кечаси жангарилар Доши туманига ҳужум уюштиришди, аммо миллий армия аскарлари уларни сиқиб чиқарди.

Ҳозирда афғон армияси ва хавфсизлик кучлари Боғлон вилоятининг маркази бўлган Пули хумри шаҳрини ҳимоя қилишга уринмоқдалар.