Афғонистондаги инқироз тўғрисида билишингиз керак бўлган тўққизта факт

Об-ҳаво инжиқликлари, қашшоқликнинг ортиб бориши, КОВИД-19 ва 40 йиллик уруш Афғонистон халқини тобора вайрон қилиб бормоқда. Мамлакат бўйлаб деярли 5 миллион кишининг бошпанаси йўқ.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойида тинч аҳоли орасида қайд этилган қурбонлар сони бир йил аввалгига қараганда анчагина кўп. Қуйида Афғонистондаги инқироз тўғрисида билишингиз керак бўлган тўққизта фактни келтирамиз.

1. Бир йил ичида ёрдамга муҳтож одамлар сони қарийб икки баравар кўпайди

Пандемия сабабли муҳтож одамларнинг сони икки бараварга кўпайиб кетди. 2020 йил январь ойида муҳтожлар сони 9,4 миллион киши бўлган бўлса, бу йилги кўрсаткич 18,4 миллионни ташкил этмоқда.

2. Миллионлаб одамлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўйиб овқатланмаслик муаммоларига дуч келишмоқда

Ҳозирда мамлакатдаги 14 миллион одам қашшоқ ҳисобланади ёки фавқулодда озиқ-овқат етишмаслик даражасига тушиб қолган ва Афғонистондаги болаларнинг деярли ярми тўйиб овқатланмайди.

3. Юз минглаб одамлар можаролар туфайли уйларини ташлаб кетишган

Ўтган йили можаролар туфайли 400 мингдан ортиқ одам уйларини ташлаб кетган. Бу йил эса қўшимча равишда 100 мингдан ортиқ инсон жанглар туфайли яшаш жойларидан қочиб чиққанлар.

4. Мамлакатга ҳужжатсиз қайтганлар сони рекорд даражада ортиб кетди

Ўтган йили ҳужжатсиз одамлар рекорд даражада Афғонистон чегараларини кесиб ўтган. Ҳужжатсиз бўлган 868 мингга яқин афғон муҳожири асосан Эрондан қайтиб келди ва улар шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтожлиги айтилмоқда.

5. Давлат ҳимояси, айниқса аёллар ва қизлар учун жуда зарур

Можаролар, табиий офатлар ва соғлиқни сақлаш инқирозлари аёллар ва қизларга турлича таъсир қилади. Пандемия илгари мавжуд бўлган гендер тенгсизлигини янада кучайтирди, натижада аёллар ва қизлар учун муҳим хизматлардан фойдаланиш имконияти янада сусайди.

6. Бир йил ичида энг кўп ўлдирилган аёллар сони

2020 йил энг кўп ўлдирилган аёллар сони қайд этилган йил сифатида эътироф этилмоқда. Ўлдирилган аёллар сони 2020 йилда 13 фоизга ошган. Аёллар ва болалар биргаликда 2020 йилда фуқаролик қурбонларининг 43 фоизини ташкил этди.

7. Афғонистон гуманитар ёрдам хизматлари учун дунёдаги энг хавфли мамлакатлардан биридир

Ўтган йили Афғонистонда 23 нафар гуманитар ходимлар ҳалок бўлди, 53 киши жароҳат олди ва 120 киши ўғирлаб кетилди.

8. Қийинчиликларга қарамай, 2020 йилда деярли 12 миллион инсон халқаро ёрдам олди

2020 йилда 165 та гуманитар ташкилотлар Афғонистоннинг барча 401 та туманларида 11,7 миллион кишига ёрдам қўлини чўздилар.

9. Шошилинч гуманитар маблағ керак

Эҳтиёжмандлар сони қарийб икки баравар ошганига қарамай, 15,7 миллион кишига зудлик билан ёрдам бериш учун мўлжалланган зарурий 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдордаги маблағ “камайиб кетди”. Бу гуманитар ходимларнинг мавжуд ва янги таҳдидларга жавоб қайтариш имкониятларини пасайтириб юборди.

Имкониятингиз бўлса Афғонистондаги гуманитар ташкилотларга ушбу муҳим миссиясини амалга оширишда ёрдам беринг.