Appleнинг сўнгги iOS янгиланишидан норозилик ортмоқда

Дунёга машҳур Apple компаниясининг iPhone бренди соҳибларининг iOS операцион тизимидаги сўнгги янгиланишдан норозиликлари тобора ортиб бормоқда. Аксарият фойдаланувчилар ўз смартфонларининг ишлаш вақти давомийлигининг қисқарганидан шикоят қилишяпти.

iPhone эгалари Appleнинг энг охирги iOS 14.6 операцион тизимидаги сўнгги янгиланишни ўз мобил қурилмаларига ўрнатганларидан кейин, қурилманинг батареяси заифлашиб қолган ва ишлаш вақти давомийлиги сезиларли даражада камайган. iPhone соҳиблари фойдаланувчилар форумида ўзлари дуч келаётган муаммоларни баҳам кўриб, компаниянинг сўнгги янгиланиши бўйича шикоятларини баён қилмоқдалар.

Кўп ҳолларда фойдаланувчилар ўзлари келтирган шикоятларга эътибор беришлари учун турли усуллардан фойдаланишяпти. Apple масаланинг жиддий эканлигини тушуниб етиши учун муаммолар баён этилган постлар интернет тармоғининг турли сегментларига жойланяпти.

iOS 14.6 нинг сўнгги янгиланиши смартфонга ўрнатилгач унинг батареясини нега бунчалик тез “еб битириши” ҳақида берилган қатор саволларга аниқ жавоб берилмаяпти. Баъзи тахминларга кўра тез орада смартфонларда юз бераётган ушбу камчиликка ечим сифатида мобил қурилмадаги операцион тизимни тўлалигича янгилаш тавсия этилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.