АҚШ Россияга қўшимча санкциялар тайёрламоқда

“Байден маъмурияти қамоқдаги мухолифат лидери Алексей Навалнийнинг заҳарланиши сабабли Россияга қарши қўшимча санкцияларни жорий этишга тайёрланмоқда”, – деди миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан.

Салливаннинг таъкидлашича, санкциялар АҚШ “тўғри мақсадларга эришаётганини таъминлаш” масаласи аниқланганидан сўнг амалга оширилади.

Байден ўтган ҳафта учрашув пайтида Путинни Навалний қамоқда ўлиб қолса, унинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантирганини айтди ва журналистларга: “Мен унга бунинг оқибатлари Россия учун ҳалокатли бўлишига ишонаман, деб аниқ айтдим”, – деди.

Салливан, шунингдек, ультра-консерватив суд тизими раҳбари Иброҳим Раисийнинг Эронда президентликка сайланишига муносабат билдириб, бу мамлакат билан ядровий музокараларга катта таъсир кўрсатмаслигини, чунки Олий Раҳбар ҳали ўзгармаганини қўшимча қилиб ўтди.

Маслаҳатчи Американинг миллий хавфсизлик манфаатлари ўзгармаслигини, хавфсизлик манфаати Эронни ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигини, бунга ҳарбий ҳаракатлар билан эмас, балки дипломатия воситасида эришиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.